Истироҳат боғидаги ёшлар сайлида 20 дан ортиқ танлов ва спорт мусобақалари бўлиб ўтди

12:22 03 Апрель 2026 Жамият
248 0

Фарғона шаҳридаги Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган сайил унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Ёшлар сайлида вилоятдаги олий таълим муассасалари талабалари, техникумлар ва мактаб ўқувчилари иштирок этиб, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда спорт мусобақалари орқали мароқли ҳордиқ чиқаришди.

Шу куни ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва рассомлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ҳамда ижодий ишлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Хиёбон бўйлаб қатор расталарда китоблар кўргазмаси уюштирилди, миллий қадрият ва анъаналарга хос халқона ўйинлар ўтказилди. Спортчи йигит-қизлар ўз маҳоратларини намоён этиб, турли мусобақаларда дўстона беллашдилар.

—Ёшлар куни доирасида талабалар, меҳнат бозорига кириб келаётган ёш мутахассисларнинг вилоятдаги машҳур тадбиркорлар билан юзма-юз мулоқотини ташкил этиш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳатларини уюштириш ҳам яхши анъанага айланмоқда,—дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти кенгаши раҳбари Алишер Анваров.—Бу гал Рига Нордик ва Корея халқаро университети, Фарғона давлат техника университети талабалари Марғилон шаҳридаги илғор тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Бундай учрашувлар назарий билимлар ва амалиётни ўзаро уйғунлаштириш имконини беради. Ўз навбатида бўлажак мутахассислар ва иш берувчилар ўртасида самимий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, биргаликда илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, инновациялардан унумли фойдаланишга хизмат қилади.

Айтиш жоиз, Ёшлар куни тадбирлари доирасида билимдон, истеъдодли ва фаол йигит-қизлар муносиб рағбатлантириб борилаётгани эса бу каби эзгу ташаббуслар тобора кенг қулоч ёзишида муҳим аҳамиятга эга.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер