Истиқболли келишувлар ҳудуд тараққиётига хизмат қилади
Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимликлари мутасаддиларидан иборат делегация Хитой Халқ Республикасига хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Жумладан, Яшнобод тумани ҳокими Б.Раҳмонқулов Хитойнинг бир нечта йирик ишлаб чиқариш компанияларига ташриф буюриб, маҳаллий тадбиркорлар билан мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида аниқ истиқболли келишувларга эришди.
Хусусан, Пекинда “China Construction Fifth Engineering Division” ва “HYPER FINANCE GROUP” МЧЖ раҳбарияти билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида “Бизнес марказлар, замонавий тураржой мажмуалари ва савдо марказлари қурилишини ташкил этиш лойиҳасини”ни ташкил этиш борасида 600,0 млн. АҚШ долларлик уч томонлама ҳамкорлик келишуви имзоланди.
Шунингдек, Хитойнинг йирик компанияларидан бири — “Tianjin Shengmei Bicycle Co LTD” директори билан мулоқотда компания жорий йилда Ўзбекистоннинг мева-сабзавот маҳсулотларини Хитойга экспорт қилишни йўлга қўйиш, чиқинди сувларни қайта ишлаш ва велосипед ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш истагини билдирди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ташриф давомида кимё ва нефть-кимё саноати тармоғининг энг йирик компанияси бўлган “Kerui Group Co LTD” фаолияти билан ҳам танишди. Компания директори Яшнобод тумани ҳокимининг ташрифидан мамнунлигини билдириб, фаолият йўналишлари ҳамда ишлаб чиқариш объектлари билан яқиндан таништирди. Учрашув давомида мазкур тармоқнинг асосий кимёвий моддалар, пластмасса ва резина буюмлар ишлаб чиқариш йўналишини Яшнобод туманида фаолиятини йўлга қўйиш орқали тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумки, Хитойнинг “Dongying Yinfeng Import and Export Co.,Ltd” компанияси ўттиз турдаги кимёвий элементлардан таркиб топган қурилишнинг фасад қисмида фойдаланиладиган материаллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Мазкур йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Буни томонлар ўзаро инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида 1-босқичда 2,0 млн. АҚШ долларлик ҳамда 2-босқичда 3,0 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш бўйича хамкорлик келишуви имзоланганида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шунингдек, туман ҳокими Б.Раҳмонқулов кимё саноати тармоғининг энг йирик — “Dongying Xiantian New Material Co.Ltd” компанияси фаолияти билан ҳам танишиб, “Дунъин — Марказий Осиё логистика маркази” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида 10,0 млн АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолашга эришди.
Дарвове, яна бир янгилик шундаки, келгусида Яшнобод туманида қуёш электр станциялари қурилади. Бу ҳақдаги келишув юқори технологияли қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш фаолияти билан шуғулланувчи “China Shuifa Singyes Energy Holdings Limited” компанияси билан тузилди.
Гап шундаки, келгусида умумий қиймати 714 миллион АҚШ доллари бўлган 1 ГВт қувватли 5 та қуёш электр станцияларини қуриш бўйича инвестиция келишуви ҳам имзоланди.
Умуман олганда, Хитойга хизмат сафари давомида Яшнобод тумани иқтисодиёти учун ҳар томонлама фойдали ҳамда самарали шартномалар тузилдики, буларнинг барчаси ҳудуд ижтимоий-иқтисодий салоҳияти яхшилаш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг