Истеъмолчиларни доимий қийнайдиган маиший техника буюмлари муаммоси...
Истеъмолчига сотилган эски телевизор машмашаси
Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Е.К шаҳардаги 8-кичик ноҳия ҳудудида жойлашган маиший техника дўконларидан биридан “SAMSUNG”-40 русумли телевизорни икки миллион бир юз олтмиш беш минг сўмга сотиб олган. Истеъмолчига телевизорга тегишли бўлган техник ҳужжатлар топширилмаган. Бир оз муддатда маҳсулот яроқсиз холга келган. Шундан сўнг, истеъмолчи телевизорни Чирчиқ шаҳрида жойлашган “SAMSUNG-ЦЕНТР” га олиб борган. Мутахассислар телевизор сотувдан олдин 2017 йил 17 август куни таъмирланганлигини айтиб, истеъмолчининг кафолат бўйича телевизорни таъмирлаб бериш тўғрисидаги талабини рад этганлар. Истеъмолчи бу ҳақида бир неча марта дўкон сотувчиларига мурожаат қилган, аммо улардан қониқарли жавоб олмаган, барча талаблари рад этилган. Истеъмолчи янги телевизор ўрнига олдин бировларга сотилган, кейинчалик таъмирланган, ишлатилган телевизор сотилган деб гумон қилиб, Чирчиқ шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган. Жамият ходимлари ушбу мурожаатни атрофлича ўрганиб чиқиб истеъмолчининг ҳуқуқлари чиндан поймол бўлганлигини аниқлашди.
Дўкон эгасига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ тушунтириш ишлари олиб борилди. Иш якунида истеъмолчига “SAMSUNG” яроқсиз телевизори барча техник ҳужжатлари билан янгисига алмаштириб берилди.
4.700.000 сўмлик “Смарт“ телевизор сифатсиз экан!
“4.700.000 сўм кам пул эмас! Мисқоллаб йиққан пулимга харид қилган телевизорим сифатсиз чиқди. Мени алдаб сотишибди. Истеъмолчи сифатида ҳуқуқларимни ҳимоя қилишингизни сўрайман...“ Ушбу мазмунда йўлланган мурожаат муаллифи қандай муаммога дуч келганини кўпчилик англаб улгурган бўлса керак.Фуқаро Д.Камолов оиласига эсда қоларли совға харид қилиш мақсадида Бухоро шаҳар Марказий бозорига ташриф буюриб, маиший техника воситалари дўконидан 4.700.000 сўм нақд пул эвазига “LG” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилган смарт телевизор харид қилади. Хариддан мамнун истеъмолчи телевизорни уйга келтириб эътибор билан кузатганида телевизордаги камчиликларни аниқлайди. Бу ҳақида тадбиркорни огоҳлантиришига қарамасдан, ижобий жавоб ололмайди. Энг сўнгги нажотни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясидан умид қилган истеъмолчи мурожаати мазмуни сизга таниш. Юқорида акс этган мурожаат қисқа фурсатда Федерация мутахассиси А.Бобоев томонидан ўрганилди ва тадбиркорга истеъмолчи қонуний ҳуқуқлари тушунтирилди. Сифатсиз телевизор учун тўланган 4.700.000 сўм тўлов истеъмолчига тўлиқ қайтарилди. Яна бир мурожаат истеъмолчи фойдасига ижобий хал этилди.
Истеъмолчини қийнаган яна бир муаммо
Чирчиқ шаҳрида яшовчи истеъмолчи Х.Ш. маиший техника дўконидан “Бирюса”-134 русумли музлатгични 3.200 000 сўмга сотиб олган. Истеъмолчига музлатгичга тегишли бўлган кафолат талони ва бошқа техник ҳужжатлар топширилган. Қисқа фурсатда музлатгич яроқсиз холга келган. Истеъмолчи бу ҳақида дўкон сотувчиларига мурожаат қилган, сотувчи сервис хизмати ходимларини жўнатишини айтган. Музлатгични техника устаси келиб олиб кетган. Сотувчи ва уста истеъмолчини огоҳлантирмай, унинг иштирокисиз музлатгичнинг компрессорини ечиб олганлар, ўрнига Хитойда ишлаб чиқарилган компрессорни ўрнатганлар. Истеъмолчида ушбу холат “компрессорга ҳеч нима бўлмаган, улар “российский“ мотор ўрнига Хитой моторини қўйган, барча эҳтиёт қисмларини алмаштирган” деган шубҳа пайдо бўлганлиги сабабли Чирчиқ шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.
Мазкур мурожаат жамият ходимлари томонидан истеъмолчи ва сотувчилар иштирокида ўрганиб чиқиб, сотувчиларнинг ноҳақлиги аниқланди ва истеъмолчига дўкон раҳбарияти томонидан янги музлатгич берилди.
Носоз телефон янгисига алмаштирилиб берилди
Наманган вилояти Чортоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижро этувчи аппаратига “Навбаҳор” МФЙ “Ғалаба” кўчасида яшовчи Турғунпўлатов Умиджон оғзаки мурожаат этган.
Мурожаатда Чортоқ туман марказида жойлашган “Иқболжон Жамшид Акобр” МЧЖдан “SAMSUNG” А50 қўл телефонини 2 920 000 сўмга сотиб олганлиги, лекин телефон 15 кун ишлатилмасдан нуқсонли бўлиб чиққанлиги сабабли “Иқболжон Жамшид Акобр” МЧЖга бориб нуқсонини бартараф этилишини ёки янги қўл телефонига алмаштириб берилишини сўраган. Лекин фуқарога рад жавобини беришган.
Ҳолат ўрганиб чиқилди, телефонни нуқсони борлиги аниқланиб, фуқаро У.Турғунпўлатовга янги “SAMSUNG” А50 қўл телефонига алмаштириб берилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг