Истеъмолчи тўлови коммунал хизматни яхшилайди

13:35 09 Июль 2024 Жамият
236 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Аҳолига коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда истеъмолчилар томонидан кўрсатилган хизмат учун тўловлар муҳим аҳамиятга эга. Жойларда истеъмолчилик бурч ва мажбуриятлари бажарилмаётганлиги янги лойиҳаларни амалга оширишда тўсқинлик қилмоқда. Андижон вилоятида 45 минг 653 нафар истеъмолчининг фойдаланилган табиий газдан қарздорлиги аниқланди.

— Бундай ҳолларда хонадон автоматик тарзда таъминотдан узиб қўйилади, — дейди «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали Андижон шаҳар бўлими ходими Музаффарбек Абдулғозиев. — Андижон шаҳрида табиий газ билан таъминланган хонадонлар сони 64 мингтани ташкил этади. Уларнинг 17 мингтасида 31 миллиард сўм миқдоридаги қарздорлик мавжуд. Жиддий огоҳлантиришларга қарамай, истеъмолчилар қарзни тўлашга бефарқ бўлмоқда. Андижон шаҳар фуқаролик судига 210 нафар истеъмолчининг мажбуриятига совуққонлиги юзасидан ҳужжатлар тақдим этилди.

Айни пайтда газ таъминоти идорасида тўлов маданиятини шакллантириш мақсадида махсус штаб тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан аҳолига ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Қарздорликни тўлашдан бўйин товлаган ёки пайсалга солган 3876 нафар қарздорнинг 10 миллиард 149 миллион 935 минг сўмлик қарзи бўйича ҳужжатлар суд идорасига топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер