Истеъмолчи муаммоси бартараф этилди
Сўнгги йилларда истеъмолчиларнинг мототранспорт воситаларига бўлган талаби бир неча баробар ўсди. Сабаби ушбу техника воситалари кам ёқилғи сарфлаш билан бир қаторда, «устага иш қолдирмайдиган» камхарж. Нархи ҳамёнбоп, устига-устак анчагина юмушимизни бажара олади. Жондор туманида истиқомат қилувчи қаҳрамонимиз И.Тўраев хам юқоридаги фикрларга асосланиб, «Бухоро Реал Мото» МЧЖ га қарашли «Лочин» мототранспорт воситасини сотиб олиш мақсадида 21.885.000 сўмга шартнома тузиб, сўнгра орадан бир қанча вақт ўтгач бошқа моделдаги транспорт воситасини харид қилиш мақсадида яна ташкилотга мурожаат қилади. Аммо тадбиркор томонидан нархлар ошганлиги маълум қилиниб, истеъмолчига истаса, янги нархда харид қилиши мумкинлиги таклиф этилади.
Бундан ташқари, янги шартнома тузиш учун ходимлар йўқлиги, бунинг сабаби юртимизда кучайтирилган карантин тартиби жорий этилгач, кўп ташкилотлар қатори ишчилар саломатлигини назарда тутган ҳолда «Бухоро Реал Мото» МЧЖ хам фаолиятини вақтинча тўхтатишга, мижозлар буюртмаларини кечиктиришга мажбур бўлгани тушунтирилган. Бу важлардан норози бўлган И.Тўраев эски нархда транспорт воситаси етказиб берилишини, агар заводда бўлмаса дилерлардан олиб берилишини сўраб Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Бухоро вилоят ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилади. Соҳа мутахассисларининг саъй-ҳаракатлар натижасида истеъмолчи муаммоси ҳал этилди. Тадбиркор асосли маълумот берганлиги ҳисобга олиниб, И.Тўраев 26.025.000 сўм тўловни амалга оширди хамда ўзи истаган мототранспорт воситасини дилердан харид қилди. Тадбиркор ва истеъмолчи ушбу келишувдан бирдек миннатдор!
Амирхон Аҳмадов
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг