Иссиқхона хўжаликлари учун қўшимча имтиёзлар берилади
Иллюстратив фото
Жорий йилнинг 25 март куни Президентнинг «Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–108-сон қарори қабул қилинди.
Маълум қилинишича, қуйидагилар 2026–2027 йилларда республикада иссиқхоналар фаолиятини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланган:
• Сурхондарё вилояти Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда замонавий иссиқхона мажмуаларини жойлаштириш;
• энергия тежамкор ва муқобил энергия манбаларига асосланган иситиш тизимлари улушини камида 50 фоизга етказиш;
• атмосфера ҳавосига зарарли ташламалар ташлаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини босқичма-босқич камайтириш.
Қарорга кўра, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади.
«Сурхон-Агро» зонаси ҳудудида фаолият олиб борадиган иссиқхона хўжаликларига қуйидаги имтиёз ва преференциялар берилади:
• ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилганда 5 йил давомида ижара тўловининг ноль ставкаси қўлланади;
• иссиқхоналарни суғориш ва технологик жараёнлар учун ишлатиладиган оқова ва ерости сувлари учун тўловлардан 3 йил муддатга озод этилади;
• аномал совуқ об-ҳаво шароитлари даврида, истисно тариқасида, белгиланган экологик талабларга риоя қилган ҳолда кўмир ёқишга рухсат этилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг