Исроил ҳужуми оқибатида «Ҳизбуллоҳ» қўмондони ҳалок бўлди
Фото: Reuters
Чоршанба куни Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондонларидан бири Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.
Шундан сўнг гуруҳ Исроилга қарши ракета зарбаларини берган. Яҳудийлар давлати ҳарбийларининг айтишича, Ливан жануби-ғарбий қисмидан Исроилга қарши курашга масъул бўлган бўлинма қўмондони Муҳаммад Носир йўқ қилинган.
Ливандаги икки хавфсизлик манбасига кўра, Носир «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳозиргача ҳалок бўлган қўмондонларнинг энг мартабалиларидан бири ҳисобланади.
Гуруҳ бунга жавобан Исроил ҳарбий базасига 100 та «Катюша» ва чегара яқинидаги Кирят Шмона шаҳридаги бошқа базага Эронда ишлаб чиқарилган «Фалақ» ракеталарини учирган.
Исроилнинг «Channel 12» телерадиокомпанияси Ливандан Исроил шимолига ўнлаб ракеталар учирилганини хабар қилди. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Ракеталарнинг аксарияти очиқ майдонга қулаган, баъзилари тутиб олинган.
«Reuters» маълумотларига кўра, Исроилнинг Ливандаги ҳужумларида 300 дан ортиқ «Ҳизбуллоҳ» жангчиси ва 87 тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Исроил томони эса Ливан зарбаси оқибатида 18 аскар ҳамда 10 тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг