Испанияда робот жарроҳ ёрдамида дунёда биринчи марта ўпка кўчириб ўтказилди
Испаниянинг Барселона шаҳридаги "Vall d'Hebron" шифохонасида 65 ёшли беморга робот-жарроҳ томонидан ўпка кўчириб ўтказилди. Бу ҳақда “Dev.by” нашри хабар берди.
Операция чоғида янги усул қўлланилган. Яъни, шикастланган ўпка кўкрак қафасини очмасдан, беморнинг тўш суяги остидаги кичик кесма орқали олиб ташланиб, ўрнига янгиси ўрнатилган.
Маълум бўлишича, фақат кичик кесма ҳосил қилиш жараёни шифокор қўли билан бажарилган. Қолган барча юмушлар Да Винчи номли роботнинг “тўртта моҳир қўли” ёрдамида амалга оширилган.
Бемор операция давомида оғриқни деярли сезмаганини айтган. Бундан ташқари, шифокорлар тикланиш жараёни анча тез бўлишини таъкидламоқда.
“Ушбу янги жарроҳлик технологияси нисбатан хавфсиз бўлиб, келгусида минглаб беморлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради”, деб хулоса қилмоқда мутахассислар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг