Испанияда коронавирусга чалинганлар сони ярим миллиондан ошди

21:16 08 Сентябр 2020 Дунё
1087 0

7 сентябрга келиб Испания Ғарбий Европа мамлакатлари орасида коронавирусга чалинганлар сони 500 мингдан ошган илк мамлакатга айланди.

Ҳозирда бу мамлакатда коронавируснинг иккинчи тўлқини юзага келмоқда ва бу ҳолат мактабларнинг қайта очилиши билан изоҳланмоқда.

Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 сентябрь душанба куни мамлакатда CОVID-19 билан касалланганлар яна 2440 кишига кўпайиб, уларнинг умумий сони 525 549 кишига етгани ҳақида маълум қилди.

Шунингдек, ўтган бир кеча-кундузда Испанияда 8 киши коронавирусдан вафот этди. Айни пайтда қурбонлар сони 29 516 кишини ташкил қилмоқда. Бу Испанияда барча вирусни юқтириб олганларнинг 6 фоизи вафот этганини англатади.

Испанияда сўнгги кунлардаги янги касалланиш ҳоллари кўпроқ ўрта ёшлилар орасида қайд этилмоқда. Бундай одамларнинг иммун тизими яхши бўлгани учун уларда кўпинча вирус асоратлари сезилмайди. Лекин, айни пайтда Испанияда ўлим даражаси вирус авжига чиққан апрель ва май ойдагиларидан анча пастлигича қолмоқда. Ўшанда кунлик ўлим ҳоллари 800 тадан ҳам ошиб кетганди.

Испания ҳукумати баҳорда қатъий карантин қоидаларини амалга оширган, аммо июнь ойининг охирида чекловлар олиб ташланганди. Ўшанда кунлик янги касаллар сони 100 тадан 10 000 тагача чиқди. Натижада Испания беморлар сони бўйича Европадаги коронавирусдан жиддий азият чекаётган Италия, Британия ва Францийа каби давлатлардан ўзиб кетди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер