Ислоҳотлар ижобий самара бера бошлади

21:37 10 Октябр 2021 Жамият
1946 0

Секторлар фаолияти ҳақида сўз юритилганида Андижон туманидаги “Ҳакан” қишлоғида истиқомат қилувчи Назармат ота Ҳайдаровнинг шу сўзлари ёдимизга тушади: “Авваллари раҳбарлардан кимдир эшигимизни тақиллатса, юрагимиз увишарди. Боиси, ё пахта теримига мажбуран олиб кетишарди ё жиноят содир этган бўлардик. Бошқа пайт бизни ҳеч ким йўқлаб келган эмас. Бугунга келиб хўп даврлар бўлди-да! Остона хатлаб кўчага бўйласак, албатта, бирорта раҳбар “Нима муаммоингиз бор?” деб турган бўлади. Ҳартугул, ўзбекмиз-ку, уйдаги гапни кўчага олиб чиқмаймиз. Шунинг учун бўлса керак раҳбарларимизнинг ўзлари уйимизга кириб, хол-аҳвол сўраяпти. Вазиятни ўз кўзлари билан кўриб, баҳо беришяпти. Бекор ўтирманглар, ҳаракатда бўлинглар, деҳқончилик қилинг, қўй-мол боқинг, тадбиркор бўлинг, деб ундагани-ундаган. Барака топишсин. Нима ёрдам бўлса кўрсатишяпти. Бундай давр сира бўлган эмас”.

Халқимизнинг секторлар фаолиятидан миннатдор бўлишлари бежиз эмас. Зеро, республикамизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида  ҳудудлар секторлар кесимида бўлиб берилгани бу борадаги ишлар салмоғини янада оширди.

Андижон тумани прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида 19 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларда 71 минг 795 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Сектор масъуллари ишни мавжуд 17 минг 787 та оилани ўрганишдан бошлади. Бунинг учун 13 минг 110 та хонадоннинг ҳар бирига ташриф буюриб, уларнинг моддий-маънавий шароити билан танишди.

Тан олиш керак, бугунги кунда кўпчиликни ишсизлик муаммоси қийнаб келмоқда. Янги иш ўринларини яратишнинг ўзи бўлмайди. Шу боис сектор томонидан уй шароитида даромад топишнинг имкониятлари қидирилди. Бу борада фуқаролар ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда кичик бизнес лойиҳалари билан иштирок этганликлари айни муддао бўлди. Ҳозирда сектор масъуллари туфайли фаолиятини бошлаган ёки кенгайтирган тадбиркорларимиз сони анчага ортди. “Баракали эшик” МЧЖ ана шулар жумласидандир.

Ушбу жамият раҳбари Нуриддин Мансуров тумандаги “Занги бобо” МФЙда истиқомат қилади. Гарчи, эшик-ром тайёрлаш бўйича тажрибаси бўлса-да, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун молиявий кўмакка муҳтожлиги сектор раҳбари эътиборини тортди.

Унинг лойиҳаси ўрганиб чиқилгач, амалий кўмак кўрсатилди. 120 млн. сўм миқдоридаги кредит маблағи билан таъминланган тадбиркор янги дастгоҳлар ва хом ашё сотиб олиш эвазига ишлаб чиқариш ҳажмини оширди. Натижада  8 та янги иш ўрни яратилди.

“Гумбаз” МФЙ аҳолиси зич ҳудудлардан бири бўлиш билан бир қаторда боғдорчиликнинг ҳадисини олганлар маскани ҳисобланади. Бу ерда бир туп дарахтдан ҳам яхшигина даромад топувчилар истиқомат қилади.  Одилбек Олимназаров улардан фарқли ўлароқ маҳалла аҳли етиштирган меваларни сақловчи омбор фаолияти билан шуғулланишни лозим топди. Тўғрида, ҳамма боғбон бўлса-ю, омбор бўлмаса... Бу даромаднинг чўғига ҳам салбий таъсир кўрсатади. 2-сектор томонидан фуқаронинг лойиҳаси ўрганиб чиқилгач, маҳалла  учун истиқболли лойиҳа эканлиги тан олинди.

— 245 млн. сўм кредит маблағи эвазига 240 тонна сиғимдаги омбор барпо этдим, — дейди якка тадбиркор Одилбек Олимназаров. — Бу боғбонларга ўз маҳсулотини истаган пайтида ички бозорга олиб чиқиш имконини берди. Ҳозирда омборимизда 10 нафар “ёшлар” ва “аёллар дафтари” таркибига кирган маҳалладошларимиз фаолият юритишмоқда. Сектор масъулларининг ҳар бир хонадонда бўлиб, маҳаллабай тизимида ишлаши мен каби муайян даромадга эга бўлмаган аҳоли қатламини доимий даромад манбаига эаг қилишда муҳим аҳамият касб этди.

Ҳудудда аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлик ва томорқачилик фаолиятини шакллантиришдан ташқари, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Натижада ўнта мактаб, 17 та мактабгача таълим ташкилоти, еттита соғлиқни сақлаш муассасаларида замонавий шароит яратилди. Қувонарлиси шундаки, юзага келаётган ўзгаришлардан халқимиз миннатдор. Шу боис улар ана шу ўзгаришларнинг бевосита иштирокчиларига айланишмоқда.

Бир сўз билан айтганда, секторлар фаолияти халқимизга хос бўлган қадриятларни улуғлаб, аҳоли турмуш шароитини яхшилашга йўналтирилганлиги ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

 

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер