Ишончли бошқарувчи ишончни оқлаяптими?

15:07 14 Декабрь 2018 Иқтисодиёт
2100 0

Иллюстратив фото

Хабарингиз бўлса керак, жорий йилнинг июль ойида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятининг давлат улуши ишончли бошқарувчи “SFI Management Group” компаниясига топширилган эди.

Хўш, у мамлакатимиз кон-металлургия саноатидаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланган мазкур корхона ҳаётида қандай ўзгаришлар ясамоқда?

Бинобарин, компания олдига замонавий технологиялар ва инвестициялар жалб қилинган ҳолда, қисқа муддат ичида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш ҳамда уларнинг турини кўпайтириш вазифалари белгилаб берилган эди.

Тошкент шаҳрида ташкил этилган матбуот анжуманида асосий эътибор уларнинг ижросига қаратилди.

—Ишончли бошқарувчи “SFI Management Group” компанияси томонидан, энг аввало, маҳаллий ва чет эллик олимлар, шунингдек, соҳа экспертлари жалб қилиниб, комбинатнинг реал ишлаб чиқариш ҳолати ўрганилди, — дейди “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти истиқболли ривожлантириш ва инвестициялар бўйича бошқаруви раиси ўринбосари Зоҳиджон Ишмуҳамедов. — Шу асосда унинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан истиқболли дастурлар ишлаб чиқилди, аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, 2022 йилгача стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларга 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ инвестициялар жалб этиш мўлжалланмоқда. Ваҳоланки, охирги 10 йил давомида умумий қиймати 1 миллиард долларлик инвестициявий лойиҳалар амалга оширилган.

Айтиш жоизки, қарийб 70 йиллик тарихга эга комбинат томонидан ер ости бойликлари, асосан, очиқ усулда қазиб олиниб, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариляпти. Кейинги пайтда фаолият йўналиши янада кенгайтирилиб, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида муҳим қурилиш ашёси — цемент тайёрлаш ҳам ўзлаштирилгани диққатга сазовор.

Эндиликда янги конларни ўзлаштириш, мавжуд қувватларни модернизация қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Гап шундаки, ўрта ва узоқ истиқболда умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд бўлган бешта инвестициявий лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Масалан, қиймати 1,7 миллиард долларлик “Ёшлик I” кони ўзлаштирилиб, қазиб олиш ҳажми 2027 йилда белгиланган қувватга чиқарилса, “Қизил олма” конида “Самарчук” ва “Междуречье” ер ости конлари қурилади.

Ушбу лойиҳалар шарофати билан рудани қазиб олиш ҳажми ўртача 26 миллион тоннага кўпайтирилади. Натижада 6 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш суръати ҳам ортади.

Саид РАҲМОНОВ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер