Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига қанча маблағ ажратилди?

21:34 30 Апрель 2021 Иқтисодиёт
2029 0

Экинлардан олинадиган даромадни кескин кўпайтириш ва сувдан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири саналади. Шу боис, мамлакатимизда сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2020-2021 йиллар кузги-қишки мавсум давомида суғориш ишларига жами 9 млрд. 517 млн. метр куб ёки лимитга нисбатан 97 фоиз сув етказиб берилди. Олинган сув билан мавсумда 6,76 млн. гектар майдонда қишлоқ хўжалиги экин майдонларида суғориш ва шўр ювиш ишлари бажарилди.

Халқаро молия институтлари иштирокидаги 8 та лойиҳа доирасида 16,62 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ўзлаштирилиши ҳисобига эса 81,5 км дан ортиқ каналлар, улардаги гидротехник иншоотларни қуриш ва қайта тиклаш, 23 дона тик қудуқларни қуриш, 2 дона насос агрегатини ўрнатиш, шунингдек, Сурхондарё вилоятида 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими ўрнатиш, 1,67 минг гектар суғориладиган ер майдонларини лазер текислагич ёрдамида текислаш ва шунча ерларда чуқур юмшатиш ишлари олиб борилди.

Бугун, 30 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган эшитувда бу ҳақда маълум қилинди.

Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида 300 та сув хўжалиги объектларига «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилган бўлиб, 2 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнларини автоматлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, республикадаги ҳар бир ҳудуддан биттадан насос станцияларига чиқарилаётган сув ҳажмини онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи жами 27 та қурилма ўрнатилиб, онлайн тартибда шаффоф мониторингини юритиш тизими синов тариқасида жорий қилинган.

Шунингдек, Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлигининг молиявий кўмаги ёрдамида «Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини мониторинг қилиш» ахборот тизими ишлаб чиқилган. 104 та мелиоратив кузатув қудуқларига эса сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилувчи рақамли қурилмалар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Австралия давлатининг “Rubicon” компанияси томонидан Қашқадарё вилоятидаги хўжалик каналидаги 4 та сув олиш нуқтасида сув ресурслари бошқарув жараёнларининг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, Касби туманидаги Миришкор ва Қамаши каналларининг бошқарув жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш бўйича лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган.

Ҳисобот даврида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича жами 353,1 минг гектар майдонда, жумладан, 318,4 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 30,5 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва 4,2 минг гектар майдонда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш бўйича қурувчи-пудрат корхоналари билан шартномалар расмийлаштирилган. Унга асосан бугунги кунда 183,8 минг гектар майдон молиялаштирилган бўлиб, қурувчи-пудрат корхоналари томонидан 185,4 минг гектар майдонда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилаётир.

Йиғилишда халқ вакиллари ирригация тармоқларини ривожлантириш ҳамда суғориш мавсумида сув ресурсларини иқтисод қилиш, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Қайд этилишича, жорий йил 1 апрель ҳолатига ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жами 180,4 млрд. сўм ёки ажратилган йиллик лимитга нисбатан 19 фоиз капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилиб, 203,4 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилган. Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича эса 127,6 млрд. сўм капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилиб 144,2 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилган. Ушбу маблағлар ҳисобига 40,3 км каналлар, 14,1 км лоток тармоқлари, 4,8 км босимли қувурлар, 9 та суғориш қудуғи ва 1 та гидротехника иншоотида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилган.

Мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 52,8 млрд. сўм капитал қўйилмалар лимити ўзлаштирилган ва 59,2 млрд. сўмлик тўловлар амалга оширилган. Бу маблағлар ҳисобига 6 та объектда қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, 27,0 км коллектор-дренаж тармоқларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилган.

Йиғилишда сўз олган депутатлар ҳисобот юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиоратив ва ирригацион объектлар тармоғини яратиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига замонавий сувни ва ресурсларни тежовчи агротехнологияларни жорий этишдек муҳим масалалар ЎзЛиДеПнинг доим диққат марказида бўлишини айтиб, Сув хўжалиги вазирлигининг ҳисоботини маъқуллашди.

Муҳокамалар жараёнида кун тартибидаги масала юзасидан вазирлик томонидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олиниб, қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер