Иқлим ўзгаришида автомобилларнинг ҳам ҳиссаси бор
Фото: Халқ сўзи
Аҳоли бандлигини таъминлаш, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириши учун етарли шарт-шароитларни яратиш натижасида даромад кўрсаткичлари ортди. Бир пайтлар битта маҳаллада атиги битта, нари борса иккита автомашина мавжуд бўлган бўлса, ҳозирга келиб битта оилада уч-тўрттагача транспорт воситаларини учратиш мумкин. Мутахассисларнинг маълум қилишларича, айни пайтда республикамизда автомобиллар сони ҳар минг кишига 120-130 тани ташкил этмоқда. 2022 йилга бориб бу кўрсаткич 160 тага етиши мумкин. Бу яхши, албатта! Бироқ улардан ажраб чиқаётган заҳарли моддалар атроф-муҳит мусаффолигига путур етказаётгани ҳам бор гап. Маълумотларга кўра, табиатга етказилаётган салбий таъсирларнинг 40 фоизи транспорт воситаларига тегишли. Қолаверса, автомобиллардан ажраб чиқаётган карбонат ангидрид гази кўп миқдорда атмосферага тарқалиши туфайли иқлим ўзгаришига сабаб бўлмоқда. Яъни Ер юзида ҳаракатланаётган глобал исишнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан техник воситалар ҳисобланади.
— Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, битта енгил автомобиль бир кунда бир килограмм миқдордаги зарарли моддаларни ҳавога чиқаради, — дейди Андижон вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходими Лочинбек Исомиддинов. — Улар инсон танасидаги қоннинг фаоллигига таъсир кўрсатиб, кислород етишмовчилиги, ўпка, аллергия, юрак, марказий асаб тизими билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқиб бошқармамиз томонидан бир йилда икки марта кўрик ташкил этиш йўлга қўйилди. Унда автомобиллардан атмосферага чиқаётган заҳарли моддаларнинг меъёрий ўлчовлари ўрганилади. Айниқса, дизель ва бензин билан ҳаракатланувчи транспорт воситаларининг амалдаги тартибларга риоя этишларига алоҳида аҳамият қаратилади. Шу кунгача вилоятда ҳаракатланаётган 30 мингдан ортиқ воситалар кўрикдан ўтказилиб, уларнинг зарарсиз ҳаракатланишлари борасидаги меъёр таъминланди.
Ўз-ўзидан савол туғилади: бу муаммога узил-кесил ечим борми?
— «Яшил транспорт» орқали автотранспорт воситаларининг табиатга, инсон саломатлигига бўлган салбий таъсирини камайтириш мумкин, — дея давом этади Лочинбек Исомуддинов. — Электромобилларнинг салбий таъсири анъанавий автомашиналарга нисбатан уч баробар кам. Бугунги кунга келиб вилоятда уларнинг сони 150 тадан ортди. Ҳайдовчилар томонидан бу тоифадаги транспорт воситаларига бўлган қизиқиш ортмоқда. Боиси, унга сарфланадиган харажат миқдори ҳам 10 баробарга кам. Демак, умид қилиш мумкинки, жараён шу тарзда кечса, атроф-муҳитга зарар етказаётган автомобиллар сони камайиб, мусаффолик даражаси ортиб боради.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг