Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар муҳокама қилинди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг ўттиз учинчи ялпи мажлисида Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди ва сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.
Ҳисоботда вилоятда инвестиция маблағларини жалб этиш ва инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.
Хусусан, вилоятда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар миқдори йилига ўртача 50 фоизлик ўсиш суръатларини намойиш этиб, бу борада республикада 2-ўринни эгаллаб келмоқда.

Амалга оширилаётган инвестиция дастури лойиҳалари доирасида 2021 йилда жами 512 млн доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилган бўлса, 2022 йил январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 475 млн долларни ташкил этган ҳамда ўтган йилнинг мос даврига (216 млн доллар) нисбатан – 2,2 баробарга ўсган.

Олиб борилаётган ишлар натижасида вилоятнинг инвестициявий жозибадорлиги ҳам ортиб бормоқда. Дунёнинг энг нуфузли “S&P Global Rating” (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун “B+”, яъни “барқарор” даражасидаги кредит рейтинги берилган.
Вилоятда 2021 йилда жами 756,3 млн долларлик экспорт амалга оширилиб, 2020 йилга нисбатан 136 фоизга ўсиш кузатилган. Жорий йилнинг январь-август ойларида 556,6 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган ва ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 114,8 фоизга ортган.

Вилоят экспортёрлари томонидан 60 та хорижий давлатга 150 дан зиёд турдаги маҳсулотлар экспорт қилиниб, экспорт географияси Гондурас, Кипр, Гонгконг, Молдавия давлатлари ҳисобига кенгайганлиги қайд этилди.
Эшитув олдидан Сенат томонидан мазкур йўналишда вилоятда амалга оширилаётган ишлар танқидий ўрганилиб, республика даражасидаги муаммоли масалалар вилоят ҳокими, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида кенг муҳокама қилинди.

Жумладан, тадбиркорлардан ундирилган қўшимча қиймат солиғининг белгиланган муддатда қайтмаётганлиги улар фаолиятини ривожлантиришга, қўшимча ва муносиб иш ўринлари яратилишига ўз таъсирини кўрсатаётганлиги қайд этилди.
Кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари учун муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўрнатиш борасидаги ишлар етарли эмаслиги боис айрим лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги, баъзилари эса ташаббускор тадбиркорлар томонидан рад этилаётганлиги танқид қилинди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасининг “А” ва “В” нимзоналарини боғловчи 900 метр темир йўл қуриш ишлари бошланмаганлиги боис маҳсулотларни жойларга етказишда қийинчиликлар юзага келиши билан бир қаторда, ортиқча сарф-харажатларга ҳам олиб келаётганлиги тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлаётганлиги таъкидланди.

Ялпи мажлис якунига кўра, ўз ечимини кутиб турган муаммоли масалаларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ҳамда ижроси устидан парламент назоратини йўлга қўйиш белгиланди.



«Халқ сўзи»,
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг