“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази янги бинолари фойдаланишга топширилди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасининг Жомбой туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази янги бинода фаолият бошлади.
Бу ерда ходимлар ва фуқаролар учун барча қулайликлар яратилган. Жумладан, бинога кириш пандус билан таъминланган. Кутиш залида ўриндиқлар, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси мавжуд.
Марказ биносининг очилиш маросимида ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги фаолияти, бундан кутилаётган натижа ва самаралар ҳақида сўз юритилди. Маълумотларга кўра, бугунги кунда туманда ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 81 нафар якка-ёлғиз кекса, 4002 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро истиқомат қилади. Эндиликда бу шахсларнинг ҳаёти, муаммолари билан маҳаллаларга бириктирилган ижтимоий ходимлар шуғулланади. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази орқали давлат томонидан ажратилаётган нафақа ва моддий ёрдамнинг эҳтиёжманд аҳолига етиб бориши таъминланади.

Марказда бугунги кунда 21 нафар ходим иш юритмоқда. Шунингдек, яқин кунларда ҳар икки маҳалла учун бир нафардан ижтимоий хизматни ташкил этиш ходимлари иш бошлаши кутилмоқда.
Нарпай туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг ҳам янги биноси фойдаланишга топширилди.
Эндиликда бу ерда 5 турдаги, яъни маҳаллада ижтимоий хизматни ташкил этиш, ижтимоий тўловлар билан ишлаш, ногиронлиги бўлган шахслар билан ишлаш, катта ёшдаги ва оғир вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш ҳамда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш шуъбаларида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш учун барча шароитлар яратилди.
Очилиш маросимида туман ҳокимлиги, вилоят масъуллари, сектор раҳбарлари, нуронийлар ва фаоллар иштирок этди. Унда сўз олганлар юртбошимиз ташаббуси билан аҳоли фаровонлиги ва инсон қадр қиммати учун ташкил қилинаётган мазкур тизимда фуқаролар манфаати кўзланганлигини таъкидлашди.
Шунингдек, мазкур марказлар халқимиз орасида ижтимоий муҳитни барқарорлаштириш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондириш ва муаммоларини бартараф қилишда юқори самара бериши хусусида сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биносида ходимлар ва фуқаролар учун яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг