IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жамоавий мурожаат эътиборсиз қолдирилдими?

13:29 20 Февраль 2021 Жамият
1332 0

Ушбу саволга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат ШАРАФУТДИНОВ қуйидагича жавоб берди:

"Ижтимоий тармоқларда шу кунларда республикада мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари асосида рўйхатга олиш (IMEI-кодлари) масаласи кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Яъни, 2020 йил бошларида «Менинг фикрим» веб-порталига келиб тушган ва белгиланган тартибда етарлича овоз тўплаган мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жамоавий мурожаат парламент томонидан кўриб чиқилмаётганлиги, эътиборсиз қолдирилаётганлиги масаласи кўтарилган.

Аввало, айтиш лозим юқоридаги жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари ташкил этган ҳамда соҳа мутахассислари жалб этилган ишчи гуруҳ шакллантирилиб, ўз вақтида парламент томонидан кўриб чиқилган.

Ўрганишлар якуни бўйича муҳокамалар асосида 2020 йил 3 июндаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг тегишли қарори қабул қилиниб, ундан кенг жамоатчилик хабардор бўлиши учун қонун ҳужжатлари миллий базаси(lex.uz)га жойлаштирилган. Демак, жамоавий мурожаат парламент томонидан эътиборсиз қолдирилмаган. Лекин ижтимоий тармоқларда билдирилаётган эътирозлар ўринли деб ҳисоблайман, чунки қайсидир бир масъулнинг эътиборсизлиги оқибатида «Менинг фикрим» веб-порталидаги ушбу мурожаат статуси ўзгартириб қўйилмаган ва ўз-ўзидан савол келтириб чиқарган.

Энди Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қарорга қайтадиган бўлсак, унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўз ваколати доирасида Вазирлар Маҳкамасига фуқароларнинг электрон жамоавий мурожаати бўйича ишчи гуруҳ томонидан тайёрланган маърузада тақдим этилган таклиф ва камчиликларни инобатга олган ҳолда мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттириш тавсия этилди. Табиийки, савол туғилади: берилган тавсиялар асосида қандай ишлар амалга оширилди?

Ушбу тавсияларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги «Ўзбекистонда фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан қуйидаги йўналишларда аниқлик киритилди:

– жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобил қурилмаларни Давлат божхона қўмитасининг маълумотлар базасига автоматик мурожаат этиш орқали текшириш тартиби белгиланди;

– мобил қурилмаларни I-сим слот рўйхатдан ўтган тақдирда II-сим слотларини рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилди;

– суд қарорига кўра, давлат эгалигига ўтказилган мобил қурилмалар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди;

– хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар мобил қурилмаларининг IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштирилган тартиби белгиланди;

– чет давлат фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган, яшаш гувоҳномасига эга шахсларга мобил қурилмаларни рўйхатга олишни онлайн тарзда амалга ошириш йўлга қўйиш учун зарур тамойиллар белгиланди;

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобил қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъий назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгарлиги белгиланди.

Шундай бўлсада, IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш тўлови нимага жорий қилинган, фуқаролар нега қўшимча пул тўлаш эвазига мобил қурилмани рўйхатдан ўтказиши керак деган саволлар кўп музокараларга олиб келмоқда.

Кўрсатиб ўтиш жоизки, «ушбу тўловларни истеъмолчи, яъни оддий фуқаро тўлайди» деган нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Ушбу тўловни истеъмолчи тўламайди, балки мобил қурилмани импорт қилаётган шахс ёки ишлаб чиқарувчи тўлайди. Фақатгина, агар фуқаро ўзи чет элга чиққанда сотиб олган бўлса ёки почта орқали буюртма берган бўлса, шу ҳолда тўловни ўзи амалга оширади.

Таъкидлаш жоиз, 2019 йилнинг ноябрь ойигача республикамизга олиб кирилган смартфонлар ва бошқа турдаги мобил қурилмаларнинг аксарияти расмий равишда, яъни давлат чегарасидан ўрнатилган тартибда олиб кирилмаган. Бошқача қилиб айтганда, ушбу йўналишдаги бизнес, яширин иқтисодиётнинг бир йўналиши ҳисобланган. Эркин савдода бўлган мобил қурилмаларнинг деярли 87 фоизи давлат ҳудудига яширин равишда олиб кирилган. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон аҳолиси 34 миллиондан ошган бўлса, бу бозорда қанча маблағ айланган.

Таҳлилий натижаларга кўра, 2018 йилда республикамизга мобил телефонлар импорти 13,5 мингта дона ва умумий қиймати 1,8 млн. АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 2019 йилнинг январь-октябрь ойларида мазкур рақамлар мос равишда қарийб 80 минг донага ва 5,5 млн. долларга кўпайган. 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида эса Ўзбекистонга расман олиб кирилган мобил телефонларнинг сони 460,8 минг донага ва умумий қиймати 17,4 млн. долларга етган.

Рақамлар шуни кўрсатадики, 2018 йилга нисбатан 2019 йил якунига кўра, юртимизга мобил қурилмалар импорти кескин равишда кўпайган. Лекин аслида, Ўзбекистонга 2018 йилда ҳам сохта кириб келган маҳсулотларнинг сони 500 минг донадан ортиқни ташкил этган бўлиши мумкин. Кейинчалик сохта телефонлар рўйхатга олинмасдан, бозорларимизда ноқонуний сотилаверган. Бундай ноқонуний савдодан тушган маблағ ҳам давлат бюджетини четлаб ўтаверган.

Шуни ҳам айтиш керакки, аҳоли ишлатаётган телефонлар сифатига, техник кафолатига, хавфсизлигига, ичида жойлаштирилган дастурларга ҳеч ким кафолат беролмайди. Энг ачинарлиси, бундай ҳолат ҳеч кимни қизиқтирмаган ва муаммо ечими назардан четда қолган.

Шу сабаб, республикамизда мобил қурилмаларни IMEI-кодлари асосида рўйхатга олиш тизимининг жорий этилиши масаласига мобил алоқани ривожлантириш, замонавий сервис хизматларини жорий этиш, истеъмолчилар учун сифатли мобил қурилмалардан фойдаланиш имкониятини яратиш, ички бозорда контрафакт маҳсулотлар айланишига қарши тегишли чоралар кўриш ҳамда телекоммуникация бозорида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бир бўлаги деб қарасак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда телекоммуникация хизматларидан фойдаланишни замон талаби ва хорижий тажрибага мос ривожлантиришнинг янги босқичи олиб борилмоқда. Шунингдек, IT технологиялари ривожланиши даврида мобил қурилмаларнинг сифати ва хавфсизлигига кафолат берадиган бозорнинг шаклланиши бугунги кун талаби бўлиб қолмоқда. Умид қиламизки, IMEI-кодлари асосида рўйхатга олиш тизими бозордаги шаффофликни янада оширади, сохта маҳсулотларни республика ҳудудига олиб келиш ҳажмини кескин камайтиради".

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер