Илмдан шараф топган олим

16:26 19 Февраль 2025 Жамият
456 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Муаллим — буюк кашфиётчи. Бу қутлуғ сўзининг маъноси илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи демакдир. Жиззах Политехника институти доценти Шароф Худоёров доим изланишда. Устоз деган мўътабар каломни оқлаб келаётган саноқли илм фидойиларидан.

У Ғаллаоролдаги М.А.Муқимий номли 2-ўрта мактабни «Олтин медаль» билан тугаллаб, 1982 йилда Тошкент политехника институтига ўқишга киради. Олий ўқув юртида таҳсил олиш баробарида Тошкент шаҳар ҳунар-техника билим юртида ҳам ўқиб, токарлик касбини эгаллайди. Талабалик йилларида Тошкент қурилиш техникуми лабораториясида, Тошкент трактор заводида токарь, назоратчи механик бўлиб ишлади. Билимларини ишлаб чиқаришда қўллай олиш малакасини ўзлаштирди.

Институтни тугатиб Ғаллаорол таъмирлаш ишлаб чиқариш корхонасига инженер диагностик вазифасида иш бошлайди. Кейинчалик тумандаги Машина-трактор паркида муҳандис, раҳбар кезларида фаолиятининг гуркираган даврлари бошланади. Ишлаб чиқаришни илм-фан ёрдами билан ривожлантириш унинг ягона орзуси эди.

Ғаллаорол МТПда ғаллага суспензия сепадиган қурилма ишлаб чиқариш лойиҳасининг бошида турди. Ўша пайтларда суспензия самолётлар орқали сепиларди. Бу деҳқонлар даромадининг бир қисмини «юлиб» кетарди. Шароф Худоёров бошчилигида тайёрланган қурилма Зарбдор туманида синовдан ўтказилиб, уни кенг ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Кейинчалик машина-трактор паркларига хориждан «Магнум», «Кейс» каби бошқа техникалар олиб келинди. Уларга тиркаладиган культиваторлар ҳам айнан, Ғаллаорол МТПсида ишлаб чиқарилди.

Ҳозирги кунда олий ўқув юртларининг илмий-техник базаси мустаҳкамланиб, янги ғоялар устида ишлаш учун барча шароитлар яратилмоқда. Шунинг учун Шароф Худоёров 2009 йилда Жиззах политехника институтининг «Транспорт воситаларини ишлатиш» кафедрасига ассистент бўлиб ишга жойлашади. 2012 йилда «Ер усти транспорт тизимлари» кафедрасида катта ўқитувчи бўлиб ишлайди.

Талабаларга фан сирларини сингдириш баробарида илмий ишларини ҳам давом эттирди. Ҳозиргача 70 дан ортиқ илмий-услубий ишлари, мақолаларга муаллифлик қилди. Дастурлаш ишлари учун 34 та патент гувоҳномасини олди.

Шароф Худоёровнинг бўш пайти деярли йўқ. Қачон қарасангиз дафтарига қандайдир механизмларни чизиб, ҳисоб-китобини қилиб юради. Даврнинг ўзи янги ғоялар устида ишлашни талаб этиб турганда, устозлар шогирдларига ибрат бўлиши керак деган тамойил Шароф Худоёровнинг шиорига айланган. Креативлик унинг ҳаётига кўп янгиликлар олиб кирди. Халқаро лойиҳаларда иштирок этиб, Бухарест университетида халқаро Highvec лойиҳаси дастури бўйича малакасини оширди. 2024 йилда тажрибаси ва изланувчанлиги ҳисобига доцент илмий унвони берилди. У «Уруғларни ҳаво оқимида тозалайдиган қурилманинг конструктив ўлчамлари ва иш режимларини асослаш» мавзусида тадқиқотлар олиб борди. Жорий йилда техника бўйича фалсафа доктори илмий ишини ҳимоя қилди.

Изланувчи инсон қандайдир янгилик яратган, жамиятга фойдаси теккан вақтни дам деб билади. Лекин юзлаб муҳандисларга устозлик қилган, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт соҳаларининг ривожига катта ҳисса қўшган, илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлаётган Шароф Худоёровнинг ҳар бир куни қадрлидир. Бугун устоз ҳаёт китобига ўзининг 60 ёшини зарҳал ҳарфлар билан ёзмоқда. Кўпминг сонли муштарийларимиз номидан уни қутлуғ ёши билан муборакбод этамиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер