Икки вилоятда истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқарилишига чек қўйилди
Фото: Прокуратура департаменти
Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқариш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Кўкдала тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро Х.Б. «Сувлиқ» МФЙ ҳудудидаги хонадонининг ёрдамчи хўжалигида ясама жувоз ускунасини ўрнатиб, ёғ маҳсулоти ишлаб чиқараётганлиги аниқланган.
Тадбир жараёнида жувоз ускунаси, 165 литр истеъмолга яроқсиз ёғ ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган жиҳозлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, Департаментнинг Оқдарё тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқаро Ш.О. «Галаравот» МФЙ ҳудудидаги хонадонида ёғ маҳсулоти ишлаб чиқараётганлиги аниқланиб, ундан жувоз ускунаси, истеъмолга яроқсиз ёғ, 846 кг чигит ва ишлаб чиқаришда фойдаланилган бошқа жиҳозлар ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг