Икки ҳудудда 830 миллион сўмлик «свет» ўғирлаган тадбиркорлар фош қилинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Самарқанд шаҳри бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Унда айтилишича, ўтказилган терговга қадар текширув давомида «С.» МЧЖ раҳбари Ш.А. «М.Барака» кўчасидаги автотураргоҳда электромобилларни қувватлаш қурилмасини тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 423,3 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.
Шу каби яна бир ҳолат, департаментнинг Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам аниқланган.
Унга кўра, тумандаги «Н.Т.», «ГС.» ва «М.М.» фермер хўжалиги масъул шахслари тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига электр ҳисоблагичдан ташқари тўғридан-тўғри уланиб, жами 407,5 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани фош қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг