ИИВ формали махсус кийимдан фойдаланиш тартиби ҳақида огоҳлантириш билан чиқди

07:15 25 Январь 2022 Жамият
2160 0

Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати формали махсус кийимдан фойдаланиш тартиби ҳақида огоҳлантириш билан чиқди.

«Эгнимда форма. Мен бундан фахрланаман. Бу формани кийиш ҳуқуқига эга бўлиш учун, мен ўз вақтида жуда кўп синовлардан ўтганман.

Бугунги кунда интернет тармоғидаги кўп платформалар ёшларимизнинг чексиз ижодий изланишларига имконият очиб берди. Ҳажвия ёки жиддий контент яратиш жуда осон ва қулай бўлиб қолди.

Лекин, шуни унутмаслик керакки, ҳарбий ёки махсус форма кийиб масхарали контентлар яратиш орқали тенгдошларини кулдиришга, саёз фильмлар ёки сериаллар орқали оммани жалб қилишга қаратилган ҳаракатлар маъмурий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Кузатувларга кўра, айрим ижтимоий тармоқларда, фильмларда ва сериалларда қаҳрамонлар фойдаланадиган формали кийим-бош нотўғри ёки қўпол хатолар билан кийилган ҳолда жамоатчиликка намойиш қилинмоқда.

Ушбу фактлар нафақат ҳуқуқбузарлик ҳисобланади, балки ички ишлар органлари ходимларини обрўсизлантиришга қаратилган ҳаракат, деб баҳоланади.

Эсингизда бўлсин, ҳарбий ёки махсус формали кийим-бошни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахслар томонидан кийиш — Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2091-моддаси билан жавобгарликка тортиш учун сабаб бўлади.

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги турли ижодкорлар ва ижтимоий тармоқ фаолларига бу масалада ҳамкорликка ҳамиша тайёр эканлигини таъкидлаб ўтади.

Агар сиз ички ишлар органлари билан боғлиқ бирор ижодий иш ёки видеомаҳсулотни тасвирга олмоқчи бўлсангиз, Ички ишлар вазирлиги ёки ҳудудий ички ишлар органларининг ахборот хизматларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Биз, албатта, ўз тавсияларимиз ва маслаҳатларимиз билан сизга кўмаклашишга тайёрмиз. Ўзбошимчалик билан бундай масалага ёндашмаслигингизни сўраймиз» дейилади ИИВ ахборот хизмати мурожаатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер