Ички йўллар янгиланиб, чекка ҳудудларда инфратузилма яхшиланмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг фаровонлигини ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда ҳудудларнинг инфратузилмаси янада ривожлантиришга қаратилган “Зарбдор тажрибаси” асосидаги лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Шу доирада Қўшработ туманининг Пангат маҳалласида аҳолига ва ташриф буюрувчи сайёҳларга янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилувчи муҳим инфратузилма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қисмоқ қишлоғига олиб борувчи йўлнинг 3 километр қисмига асфальт қопламаси ётқизилиши режалаштирилган бўлиб, айни кунларда асфальт қопламаси ётқизилиш ишлари якунланди.

Мазкур йўлнинг янгиланиши маҳаллий аҳолининг ҳаракатланишини анча енгиллаштириб, ҳудуднинг туристик жозибадорлиги ва иқтисодий ривожланишига қўшимча имкониятлар яратади.
Бундан ташқари аҳоли ташаббуси ва фуқаролар овози билан илгари сурилган лойиҳалар асосида Нарпай туманида Опен бюджет – 2025 йил 2-мавсуми доирасида ички йўлларни асфальтлаштириш ва таъмирлаш ишлари ҳам изчил амалга оширилмоқда.

Жумладан, туманнинг Обиҳаёт маҳалласидаги ички кўчалар тўлиқ асфальтлаштирилди. Лойиҳа қиймати 1 миллиард 385 миллион сўмни ташкил этган ва умумий узунлиги 3084 метр бўлган ушбу йўллар замонавий талаблар асосида фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, туманнинг Тортувли маҳалласидаги ички кўчаларда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. 1 миллиард 307 миллион сўм маблағ эвазига 3,6 километр ички йўллар асфальтлаштирилиб, аҳолига қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароити яратилди.

Мазкур ишлар нафақат йўлларни, балки чекка ҳудудлардаги маҳаллаларнинг инфратузилмаси янада яхшилаш баробарида ҳудудларнинг бугунги қиёфасини ҳам тубдан ўзгартиришга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг