«Ибратли оила» кўкрак нишони ўз эгаларига топширилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 сентябрдаги тегишли қарори билан «Ибратли оила» кўкрак нишони таъсис этилган эди. Жорий йилда Қашқадарё вилоятидан ҳам оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўзининг ҳалол меҳнати, фарзандлар тарбиясидаги ютуқлари билан кўпчиликка ўрнак бўлаётган 158 та оила «Ибратли оила» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда кўкрак нишонлари ҳамда пул мукофотлари ўз соҳибларига тантанали равишда топширилди.

Тақдирланганлар орасида миришкорлик Тўрақул бобо Нусратов ҳам бор. Бу йил 75 ёшни қаршилаган отахон турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари билан биргаликда ўзининг 10 сотих томорқасини чинакам хазинага айлантирган.
— Ҳар йили томорқага тўқсонбости усулда саримсоқпиёз экиб, 1,5 тонна атрофида ҳосил оламиз, — дейди у. — Ер бўшаши билан ўрнига картошка, ширин маккажўхори ёки шунга ўхшаш маҳсулотлар экамиз. Бу ҳам яхши даромад келтиради. Қирққа яқин соғин сигиримиз, 200 га яқин парранда, қўй, эчки, ҳаммасидан бор. Ҳар куни уйимиздан бозорга сут, қатиқ, тухум, гўшт ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чиқиши тўхтамайди. Меҳнатимиз ортидан даромадимиз яхши, ҳаётимиз фаровон. Бугун «Ибратли оила» кўкрак нишони билан тақдирланишим бутун оиламиз учун жуда катта воқейлик, фахр ва ифтихор бўлди. Тўғриси, ҳозир қалбимда кечаётган туйғуларни ҳеч бир сўз билан ифода этиб бера олмайман.

Шунингдек, тантанали маросимда бундай эътибор ва эътирофдан илҳомланган намунали оила вакиллари сўз олиб, юртбошимизга ўз миннатдорчиликларини изҳор этишди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг