Ҳожилик — унвонми ёки мартаба... — Сиз нима дейсиз?
Илгари одамлар танимаган киши билан кўришганда «биродар», деб мурожаат қилардилар. Оқ халат кийган кишиларни «дўхтир», мактаб ёки олийгоҳда ишлаганларни «домла», дейишарди.
Энди эса «ҳожи ака», «ҳожи тоға», дейиш урф бўлиб кетди.
Ҳаж улуғ ва муҳташам ибодат. Ҳожилик ҳам буюк бир мақом. Лекин издиҳомларда, йиғилишларда «Менга ўхшаб ҳажга бориш сизларга ҳам насиб этсин, сизлар ҳам биз каби ҳожи бўлинглар», деб дуо қилувчилар кўпайиб кетди.
Аслида у одам дуоси эзгудир, ҳажга бормаганларга ҳам ҳаж сафари насиб этсин, деган тилак билдиряпти, дуоси ижобат бўлсин. Дуони тинглаб туриб, ўша дуогўй «менга ўхшаб», деганида кибр, манмансираш кўриниб қоляпти-да.
Ҳаж ибодати ҳам рўза, намоз, закот каби динимиз фарзларидан бири. Шу маънода нега намоз ўқийдиган кишини «намозхон ака», рўза тутганни «рўзадор ака», закот берганни «закотчи тоға», демаймизу, ҳажга борганми, бормаганми — «ҳожи ака», деб бу улуғ ибодатни оҳорини тўкамиз, муборак ҳаж мақомини жўнлаштирамиз.
Бир маҳалла йиғини раиси нолиб қолди. Маҳалла кўчаларини асфальтлаш, сув келтириш учун оқсоқоллар номидан туман ҳокимига талабнома ёзишибди. Улар орасида умра ибодатини бажариб келган 2-3 киши ҳам бор экан. «Аризани имзолашга борганимизда ўша умрачилар «нега мени исмимни ёнига ҳожи, деб ёзмадинглар», деб анча иддао-норозилик билдиришди.
Яширишнинг ҳожати йўқ, «ҳожиман» дея кибрланиш, кеккайиш ҳолатлари анча кўзга ташланиб қолди, бу нарса одамлар кўзига анчайин эриш туюлаётгани бор гап.
Баъзи ҳожиларни узун (тўпиққача) оқ кўйлак кийиб юришлари энсангизни қотиради, гарчи у уламо эмас. Узун кўйлак, оқ дўппи – ахир бу бизни ўзбакий кийим эмас-ку!
Баъзи оммавий ахборот воситалари, айниқса, диний нашрлар мақола ёки китоб муаллифи исми ёнига ҳожи қўшиб ёзиш урф бўлган.
Улуғ уламо, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг бир эмас, бир неча марта ҳаж сафарида бўлганларини кўпчилик билади. Лекин мақолаларида, китобларида «ҳожи», деб ҳеч урғу берганларини кўрмаганмиз. Охиратлари обод бўлсин.
Ҳажга пою-пиёда, не-не заҳматлар кечиб борган уламоларимиз ҳам «ҳожиман», деб бугунгидай кибрга берилмаган.
Хуллас, ҳожилик мақомини охирини тўкмасак, дейман. Сиз қандай фикрдасиз?
Малик Бой МУҲАММАД,
Ёзёвон.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг