Ҳокимликнинг қарори сохта бўлиб чиқди. Ёхуд озор чекаётган бозорлар

16:29 10 Ноябрь 2020 Жамият
1668 0

Бозор — юрт кўрки. Унинг чиройи ва ободлиги — шу эл одамларининг нозик диди ҳамда юксак маънавиятидан, тўкин-сочинлиги — улуснинг турмуш фаровонлигидан далолат. Шу боис азалдан бу масканларни обод қилишга, саранжом-саришталигига алоҳида эътибор қаратилган. Бир-биридан муҳташам иморатлар қад кўтараётган замонавий шаҳарларнинг бозори ҳам ана шу гўзал манзараларга мос бўлиши керак, албатта. Шаҳарсозлик ва архитектура талабларига жавоб бермайдиган, сотувчи ҳамда харидорлар учун зарур шароитларга эга бўлмаган бозорларнинг бузилиб ўрнига янгилари қурилиши — замон талаби. Фақат тарихий аҳамиятга эга ва сайёҳлар томоша қилиши учун сақлаб қолинадиган қадимий савдо расталари, тимлар бундан мустасно. Савдо-сотиқ учун мўлжалланган иморатларни янгиланиши дунё тажрибасида ҳам худди шу тахлит амалга оширилади. Фақат бу жараёнда энг муҳими мулк эгаларининг розилиги, уларнинг савдоси касодга учрашига, моддий зиён кўриб инқирозга юз тутишига йўл қўймаслик. Афсуски, бугун айрим ҳудудларда бозорлар ва уларнинг реконструкция қилиниши, тадбиркорларнинг мулкига компенсация тўланиши билан боғлиқ масалалар ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бири бўлиб турибди.

Бозорларнинг тез-тез бузилиб қайта қурилиши ёки бошқа жойга кўчирилиши маҳаллий аҳоли орасида турли узунқулоқ гап-сўзларнинг урчишига ҳам сабаб бўлган. Урганч ва Хива шаҳарларида буюм ҳамда деҳқон бозорларининг сўнгги йилларда бир неча бор бузилиши бунга яққол мисол.

2017 йилда Хива шаҳридаги «Хива универсал савдо комплекси» акциядорлик жамияти ҳудудида 6,8 гектар майдонда жойлашган 690 та савдо дўкони бузилиб, бу жойда шаҳар бош режаси бўйича истироҳат боғи қурилиши бошлаб юборилди. Дўкони бузилган тадбиркорлар эса уч ярим йилдан буён сарсон-саргардон. Гап шундаки, дўкони «снос»га тушган тадбиркорлар учун янги савдо шохобчалари қуриш мақсадида Хива шаҳар ҳокимлиги қарорига кўра 3,7 гектар ер майдони ажратилган. Фақат қурилиш ишларига «Хива универсал савдо комплекси» акциядорлик жамияти эмас, янги ташкил қилинган «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ бош-қош бўлган. 108 нафар тадбиркор янги дўконлар учун «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ билан 1,9 миллиард сўмлик шартномалар тузиб бошланғич тўловни амалга оширадилар, пудратчи қурилиш ташкилоти томонидан қарийб 7 миллиард сўмлик иш ҳам бажарилади. Кутилмаганда объектда қурилиш ишлари тақа-тақ тўхтайди. Бузилган дўкони ўрнига ҳеч вақо ололмаган тадбиркорларнинг компенсация ва ер участкаси талаб қилиб турли ташкилотларга қилган мурожаатлари ортидан ўтказилган ўрганишлар натижасида қизиқ ҳолат юзага келади. Маълум бўлишича, «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖга савдо дўконлари қурилиши учун ер ажратиш тўғрисидаги Хива шаҳар ҳокимлиги қарори сохта бўлиб чиқади. Ушбу можароли масала Урганч тумани маъмурий суди, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди ва ниҳоят Ўзбекистон Республикаси Олий Суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқилиб «Хива шаҳар савдо комплекси» МЧЖ томонидан киритилган даъво аризаси рад этилди ва бозор қурилиши учун мўлжалланган ер майдони ҳақиқий эгасига — «Хива универсал савдо комплекси» акциядорлик жамиятига қайтарилди. Узоқ давом этган сансалорликдан кейин, ниҳоят, ажратилган ҳудудда қурилиш ишлари бошланди.

Биз айни пайтда вақтинчалик бошқа жойга кўчирилган Хива шаҳар деҳқон ва буюм бозорларида ҳам бўлдик. Бозор ташландиқ, ҳеч қандай шароити йўқ жойга кўчирилган. Озиқ-овқат моллари ва деҳқончилик маҳсулотлари очиқ ҳавода, чанг-тўзонда сифатини йўқотмоқда. Гарчи вақтинчалик фаолият кўрсатаётган бўлса-да бозор ҳудудида оддий санитария қоидаларига амал қилинишини таъминлаш мутасаддиларнинг вазифаси. Ахир бу ерда инсон саломатлигига дахл қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сотиляпти! Белгиланган патта тўловларини ўз вақтида ҳисоблашаётган сотувчилар учун энг оддий шароитларни яратишга эса бозор маъмурияти эътиборидан четда қолмоқда.

Қадимий Хивага ҳар куни дунёнинг турли минтақаларидан минглаб сайёҳлар келади. Шаҳар меҳмонларида тарихий ёдгорликлар, осори-атиқаларни томоша қилиш билан бирга таърифи мағрибу машриққа кетган Шарқ бозорларини айланишга бўлган иштиёқ ҳам кучли. Бозордаги аҳволни, шароитни кўриб улар қандай таассурот билан қайтишаркин? Шаҳарнинг бош режаси бўйича пухта ўйланган лойиҳа асосида халқимизга эллик-юз йил хизмат қиладиган бозор қуриш наҳот шунчалик қийин иш бўлса?

Бозорлар билан боғлиқ муаммолар вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам бегона эмас. Ўтган йил Боғот туманида ҳам бозор мажмуасини реконструкция қилиш мақсадида 55 нафар тадбиркорга тегишли савдо дўконлари бузиб ташланди. Янги савдо мажмуасининг лойиҳаси ҳам тайёр. Бироқ орадан бир ярим йил вақт ўтса-да қурилиш ишлари турли баҳоналар билан ортга суриляпти.

Ҳазорасп туманидаги буюм бозори савдо-сотиқ айланмаси жиҳатидан вилоятдаги энг йирик савдо мажмуаларидан бири саналади. Бундан уч йил муқаддам «Ҳазорасп универсал савдо комплекси»да 58,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 1205 та турғун савдо шохобчасига эга мажмуа қуриб фойдаланишга топширилган эди. Ушбу савдо мажмуаси қурилиши билан боғлиқ ғавғолар қанча тадбиркорларнинг бошини гаранг қилгани кўпчиликка яхши маълум. Бироқ қуриб битказилганидан буён уч йилга яқин вақт ўтса-да савдо мажмуасида дўконлар тўлиқ ишга тушгани йўқ. Тадбиркорлар турли важларни рўкач қилиб янги мажмуага кўчиб ўтишни хоҳлашмаяпти. Мутлақо шароити йўқ, ёзда чанг, қишда лойга ботиб ётадиган эски бозорда эса савдо-сотиқ авжида.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда давлат активларини хусусийлаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида 500 дан зиёд бозор ва савдо мажмуаларидаги давлат иштирокини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Бозорларни ҳам савдо, ҳам дам олиш, ҳам кўнгилочар марказларга айлантириш, шу мақсадда лойиҳалар ишлаб чиқилиб, инвесторлар ўртасида танлов эълон қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, тадбиркор бозор даромадини ошириб, солиқ тушумлари ва иш ўринларини мунтазам кўпайтириб борса, унга бозорнинг давлат улушини бўлиб-бўлиб харид қилиш имконияти берилади.

Фақат шуни унутмаслик керакки, мулк ҳуқуқи кафолатланмаса, тадбиркор бизнесга сармоя тикишга иккиланади. Ишонамизки, давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер участкаларини олиб қўйиш, бозорларда давлат активларини хусусий инвесторларга сотишда энди бундай хатоларга йўл қўйилмайди ва тадбиркорларнинг қонун билан кафолатланган мулк ҳуқуқи дахлсизлиги таъминланади.

Одилбек Одамбоев,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер