Ҳоким тадбиркор ва ташаббускор ёшлар билан мулоқот ўтказди
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида воҳанинг тадбиркор ва ташаббускор ёшлари билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда мамлакат эртаси эгалари камолоти йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимиз раҳбари ёшлар тадбиркорлигида мутлақо янги даврни бошлаб берадиган учта муҳим ҳужжатга имзо чеккани алоҳида таъкидланиб, уларнинг мазмун-моҳияти хусусида кенг тушунчалар берилди. Бу ҳужжатлар воҳада яна юзлаб ташаббускор ва изланувчан ёшларни олдинга бошлаши айтилди.
— Президентимиз жорий йил 14 февраль куни мамлакатимиз ёшлари билан ўтказган мулоқотида ёшлар билан ишлаш натижадорлигини янада ошириш, уларга кенг имкониятлар яратиш чора-тадбирларини белгилаб берди, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Муродбек Давлатов. — Хусусан, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар билан учрашувлар ўтказиш юзасидан вилоят ҳокимларига вазифалар топширилди. Мазкур учрашув ушбу вазифалар ижроси доирасида ташкил этилмоқда.
Вилоят раҳбари ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг янги ташаббус ва таклифлари тақдимоти билан танишди ҳамда мурожаатларини тинглади. Мутасаддиларга ҳар бир таклиф ва ташаббусни қўллаб-қувватлаш, муаммоли масалаларни ҳал этиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишга яқиндан кўмак кўрсатиш вазифалари топширилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг