Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

19:42 02 Май 2018 Жамият
2527 0

Мамлакатимизда аҳолининг эҳтиёжманд қисмини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдам беришнинг барқарор тизими яратилган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган анжуманда шу ҳақда сўз борди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтарди. Биргина 2017 йилнинг ўзида аҳолининг эҳтиёжманд қатламларидан 100 минг нафар фуқарога турли хилдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйларига бориб, ижтимоий хизмат кўрсатилмоқда. 19,5 минг нафар эҳтиёжманд фуқаролар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланди. Ногиронлиги бор шахсларнинг бемалол ҳаракатланиши учун бино ва иншоотларда пандус ва тутқичлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, 35 минг нафар пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахслар санаторияларда соғломлаштирилди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг соғлиғини тиклашлари учун сиҳатгоҳларга бепул йўлланмалар берилмоқда.


Амалга оширилаётган чора-тадбирлар жамиятимизда инсон манфаатларига йўналтирилган ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий муҳофазалашни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, инсон манфаатлари устувор мамлакатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. 

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер