Ҳеч бир муаммо 2-сектор раҳбарининг эътибордан четда эмас
Ҳасан Пайдоев - “Халқ сўзи”
Қўшкўпир туман прокуратураси томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган аҳолининг бандлигини таъминлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш борасида муайян ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Қўшкўпир тумани 2-секторида 13 та маҳалла мавжуд бўлиб, 46,286 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 1023 нафар аёл “аёллар дафтари”га, 1015 нафар ёш “ёшлар дафтари”га киритилди.
Хўш, улар билан қандай иш олиб бориляпти?
Жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра, “аёллар дафтари”га киритилган 969 нафар ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг 108 нафарига ер ва 93 нафарига кредит берилди. 283 нафари фермер хўжаликларига ишга жойлаштирилди, 18 нафари эса тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Натижада 220 нафар аёл “аёллар дафтари”дан чиқарилди.


Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари ҳам 2-сектор раҳбарининг эътиборида. Уч нафар тиббий ҳимояга муҳтож аёлларга тиббий ёрдам кўрсатилгани, шунингдек, Кенагас маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Саломат Рўзметованинг яшаш хонадони фасад қисми таъмирлаб берилди.
— 2-сектор ҳудудидаги минглаб ёшлар “ёшлар дафтари”га киритилган, — дейди Қўшкўпир туман прокурори, адлия маслаҳатчиси М. Хожаев. — Уларга ўзларининг талаблари асосида кўмак бериляпти. Мисол учун, тумандаги “Акмалбек Полвон” ишлаб чиқариш кооперативида “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи 50 нафар фуқарога субсидия ажратиш орқали қуён олиб берилиши таъминланди. Шунингдек, тумандаги “Пегас” хусусий корхонасида қўшимча бино қурилиши натижасида 120 нафардан ортиқ фуқаролар бандлигини таъминлаш режалаштирилган.


Ижтимоий муаммоларни бартараф этиш ҳам туман прокурори назоратида. Унинг ташаббуси билан Хонобод маҳалласининг Халқпарвар кўчасига Давлат дастури асосида янги тарансфарматор ўрнатилди. Шунингдек, “маҳаллабай” юрилиб, аҳоли муаммолари ўрганилганида ушбу маҳалланинг Иқбол кўчаси таъмирталаб аҳволда эканлиги аниқланиб, йўлнинг 800 метр жойига шпест ётқизилди. Шу каби куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўрилиши натижасида маҳалланинг 1,2 км. газ қувурларини таъмирлаш ва бўяш ишлари амалга оширилди. Туман прокурорининг бевосита ташаббуси билан Хонобод маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биноси олдида янгидан спорт майдончаси қурилиши таъминланди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта. Жорий йилнинг 15 апрель куни саховатпеша тадбиркорлар ёрдамида 2-сектор ҳудудидаги 30 нафар кам таъминланган, кўп болали, ногиронлиги бўлган ижтимоий химояга муҳтож оилаларга 400 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шу билан бирга, жорий йил бошида вилоят сектор раҳбарлари томонидан тасдиқланган жадвалга асосан, ҳар ҳафтада бир маротаба сектор ҳудудида истиқомат қилиб келаётган аҳоли билан сайёр қабуллар ва аёллар ҳамда ёшлар билан учрашувлар ташкил қилиниб, уларнинг аниқланган муаммоларини бартараф этиш чоралари кўриб келинмоқда.

“Халқ сўзи”
Ҳасан Пайдоев олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг