Ҳазорасп туманида янги уй-жойлар эгаларига топширилди

18:21 03 Октябр 2023 Жамият
398 0

Фото: Архив сурат

Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида 100 та хонадонга мўлжалланган 5 та кўп қаватли янги турар-жой ўз эгаларига топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишларнинг яна бир амалий ифодаси эканини таъкидладилар.

“Ўз уйинг, ўлан тўшагинг” деган иборанинг маъносини уй-жойга муҳтож инсонлар жуда яхши англайди,— дейди ҳазорасплик Моҳира Саъдуллаева. – Биз ҳам анча йиллардан буён уй-жой масаласида қийналиб келаётган эдик. Туманимизнинг яшаш учун қулай ҳисобланган ҳудудида барпо этилган янги уйлардан 3 хонали квартира бизнинг оиламизга ҳам насиб этди. Янги уй оиламизга янги орзу-умидлар, бахт олиб кирди.

Ҳазорасп тумани аҳолиси сони бугунги кунда 200 минг нафардан ошди. Уй-жойга бўлган эҳтиёж ортиши натижасида кўп қаватли уй-жойлар қурилиши кўлами ҳам кенгаймоқда. 2021 йилда туманда 130 та хонадонга, 2022 йилда 152 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар қурилган бўлса, жорий йилда 416 та хонадонли 17 та кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади.

   Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер