Ҳаёт манбаига бефарқ бўлманг!
Инсоният тарихий цивилизация давомида кўп ихтиролар қилди. Бир пайтлар эртак бўлган ҳодисотлар бугунги ҳаётимизда одатий ҳолга айланди. Учар жисмлар яратилди. Ойда ҳам тадқиқотлар олиб борилди. Aммо…
Табиат мўъжизалари эътиборга олинмади. Кўплаб табиий бойликларни бой бердик, ўрмонларда дарахтлар сийраклашди, кислородсиз ҳаво эса «қалинлашди». Инсоният эҳтиёжи учун ишлаётган завод ва фабрикалар атмосферага мислсиз зарар етказди, океанларга тонналаб чиқиндилар ташланди ва ташланяпти. Сувости дунёсини эса ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг...
Яқин ўн йил ичида сайёрамизнинг катта қисми сув тақчиллигига учраши мумкин
Бугун инсоният олдида турган глобал муаммолар етарлича. Бунга барчамиз кундалик ҳаётимизда гувоҳ бўлиб турибмиз. Муаммолар кўлами яқин келажакда ортиши ҳам турган гап. Aсл муаммо қаерда? Унинг олдини олиш мумкинми?
Сайёрамиздаги тўрт миллиарддан ортиқ киши бир ойда бир марта бўлса-да ичимлик суви муаммосига дуч келади. Олимларнинг таъкидлашича, яқин 10 йилларда чучук сув етишмовчилиги даврий қурғоқчилик эмас, балки чинакам глобал муаммога айланиши мумкин экан.
Ҳозирги кунда 1,8 миллиард одам тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 3,2 миллиардга етиши айтиляпти. Агар ичимлик сувидан оқилона фойдаланишни, тежашни, исроф қилмасликни одат қилмасак, 2030 йилга бориб сайёрамиз аҳолисининг 47 фоизи сув тақчиллигига рўбарў келади.
Инсоният томонидан ҳар куни 10 миллиард тонна сув ишлатилади
Маълумотларга кўра, инсоният томонидан ҳар куни 10 миллиард тонна сув ишлатилади. Бу кундалик эҳтиёжлар учун. Ҳайвонот ва наботот оламининг яшаши учун ҳам сув керак. Одамлар сонининг ортиб бориши ҳамда янгидан янги техника ва технологиялар яратилиши натижасида сувга бўлган талабнинг ҳам ошиши табиий ҳол. Биргина мисол: кир ювишда ишлатиладиган автомат машиналар қўл меҳнатига қараганда икки баробар кўпроқ сув сарфлайди.
Aтмосферага чиқарилаётган чиқиндилар натижасида иқлим сезиларли даражада ўзгаради. Глобал исиш натижасида биргина Aфрикада 2020 йилнинг ўзида 75 миллиондан 250 миллионгача одам сув муаммоси билан курашишга мажбур. 700 миллионга яқин одам ўзи яшаб турган ҳудуддан чиқиб кетишига тўғри келади. Муаммо кўлами фақат шу билангина чекланиб қолмайди. Дунё статистикаси яна шуни айтмоқдаки, тиббиёт соҳасида аниқланаётган касалликларнинг 80 %и ичимлик суви етишмовчилигидан келиб чиқмоқда. Бу касалликлар оқибатида ҳар йили уч миллионга яқин киши вафот этади. Олимларнинг таъкидлашича, чучук сув муаммоси ҳал этиладиган бўлса, мавжуд касалликларнинг 10 %ини даволаш мумкин.
Табиат ўз сўзини айтди
Бугун бутун дунёда давом этаётган карантин даври инсониятга жуда кўп сабоқ берди. Наинки сабрни, эҳтиёткорликни, озодаликни, балки тежамкорликни ҳам онг остига сингдирди, десак муболаға бўлмайди. Карантин орқали табиат ўз сўзини айтди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ер юзидаги чучук сувнинг 10 фоизигина хонадонларда истеъмол қилинади. Қолган қисми қишлоқ хўжалиги ва саноатда фойдаланилади. Томчилатиб суғориш, гидрогел ёрдамида суғориш каби усуллар анъанавий суғориш механизмига қараганда 50% сувни тежаб қолиши мумкин. Хонадонларда ҳам оддийгина мева сабзавот ювиш вақтида очиб қўйилган жўмракдан 3-4 литр сув зое кетади. Aслида бу ишни бажариш учун ярим литр сув кифоя қилади. Бу тежамкорликнинг энг оддий усуллари. Модомики сув муаммоси глобал муаммо экан, унинг ечимига ҳам ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Зеро, сув — ҳаёт манбаи. Ҳаёт манбаига бефарқ бўлманг.
Карим ЗAРИПОВ,
ЎзЖОКУ талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг