Ҳар жабҳада инсон манфаатлари устувор
Хасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"
Кейинги йилларда юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янги саҳифа очилди. Халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш билан бирга, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш асосий мақсадимизга айланган.
Бошқача айтганда, ҳамма жабҳада инсон манфаатлари устуворлигига қаратилган ислоҳотлар замон талабига мос равишда жадаллашди. Бу борада тарихий аҳамиятга эга қатор қонун ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижрога йўналтирилди.
Мазкур жараёнларда секторлар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келаётганини эътироф этиш жоиз. Биргина, Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мунтазам назорат тадбирлари амалга ошириб борилмоқда.
Шаҳар прокурори раҳбарлигидаги 2-сектор ҳудудида жами 12 та маҳалла фуқаролари йиғини мавжуд бўлиб, уларда бугунги кунда 57 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилиб келади. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг даромадини ошириш, тадбиркорликка йўналтириш мақсадида 85 нафар шахсга кредит ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Ушбу маблағларнинг 1073,4 млн. сўми тикувчилик, 30 млн. сўми косибчилик, 129 млн. сўми ҳунармандчилик, 32,5 млн. сўми мебель ишлаб чиқариш, 45 млн. сўми новвойчилик ва ун маҳсулотлари, 75 млн. сўми иссиқхона қуриш учун, 153,1 млн. сўми маҳсулотларни қайта ишлаш учун ажратилди.
Шунингдек, секторда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ҳамда “ёшлар дафтари”га киритилган оилалар ва шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилган.
“Темир дафтар”, яъни “saxovat.argos.uz” электрон порталига 1663 (меҳнатга лаёқатли 1436) нафар фуқаролар рўйхатга олинган бўлиб, уларга кўрсатилган 1857,5 млн. сўмлик амалий ёрдам натижасида халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши қарорига асосан 495 нафар эҳтиёжманд оилалар “темир дафтар”дан чиқарилди.
Хусусан, 43 нафар оиланинг ҳар бирига 20 донадан парранда, 17 та иссиқхона, 149 та оиланинг вояга етмаган фарзандларига жами 131 млн. 500 минг сўм моддий кўмак берилди. Бундан ташқари, 2-сектор раҳбарининг ташаббуси билан 28 нафар кам таъминланган оила фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилди.
Шунингдек, сектор ҳудудида жами аёллар сони 10 326 нафарни ташкил қилиб, шундан “аёллар дафтари”га 591 нафари киритилган. Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида барча аёл дафтардан рўйхатдан чиқарилган.

Жумладан, 14 нафар аёлга субсидия асосида тикув машинаси берилди, 64 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди, 43 нафар бемор аёлга дори-дармон воситалари бепул тарқатилди.
Мисол учун, “Зуҳро” МФЙда яшовчи М. Сулаймоновага “Bruce Q5” русумли тикув машинаси олиб берилди. “Надирмат” МФЙда яшовчи Б. Ғаниевага иссиқхона қуриб берилди. Шунингдек, шу йил июнь ойида янгидан ўтказилган хатлов натижаси бўйича жами 708 нафар хотин-қиз рўйхати шакллантирилиб, “аёллар дафтари”га киритилди. Уларга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Шу билан бирга, “ёшлар дафтари”га жами 846 нафар ёш рўйхатга олинган бўлиб, шундан 802 нафари ушбу дафтар рўйхатидан чиқарилди. Қолган 44 нафарини рўйхатдан чиқариш чоралари кўриляпти.
Хусусан, “ёшлар дафтари” бўйича 138 нафари бандлигини таъминлаш мақсадида 365,4 млн. сўмлик субсидиялар ажратилди. 2 нафар ёшга олий таълим муассасаси шартнома пули тўловлари тўлаб берилган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2-сектор раҳбари томонидан ўтказилган 31 та сайёр қабулда 241 нафар фуқаронинг муаммолари эшитилиб, 155 таси ижобий ҳал этилди.
Қолаверса, тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳам сектор мутасаддиларининг доимий эътиборида. Хусусан, фуқаро М.Мадивалиевга тегишли бўлган бўш бино, фуқаро Н.Қўзибоевга ижара асосида берилиб, косибчилик фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 22 та янги иш ўрини яратилди.
Шунингдек, “Надирмат” МФЙ ҳудудида ташландиқ ҳолда фойдаланилмасдан турган 700 м2 бўш ер майдони “Servis of mebel” МЧЖ раҳбари И.Мирзааҳмедовга бириктирилиши туфайли мебель ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди. Бу эса 15 дан ортиқ бўш иш ўринлари яратилди, дегани.

Қолаверса, “Надирмат” МФЙга “Обод маҳалла” дастури учун 5 млрд. 824 млн. сўм маблағ ажратилган. 7,5 км. ички йўллар асфальтланади, 5 км. ичимлик сув ҳамда электр таъминотини яхшилаш бўйича 400 метр тармоқ тортилади, 1 та трансформатор ўрнатилади. Газ таъминоти тизимини яхшилаш бўйича 400 метр газ тармоғи ва 14 та газ тақсимлаш ускуналари таъмирланади.
Шу билан бирга, 1 км. ирригация ва мелиорация тармоқлари таъмирланади, алоқа ва ахборотлаштириш тизимига 1 та базавий станция ўрнатилади. Маҳаллалардаги 40 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади, битта спорт майдончаси қурилади, битта мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Буларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
“Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг