Ҳар қандай ёрдам — олтинга тенг!

16:10 24 Июль 2020 Жамият
1005 0

Бир неча кун олдин Фарғонада коронавирус пандемиясининг навбатдаги тўлқинига тайёргарлик жараёнлари ҳақида ёзган эдим. Ушбу тайёргарлик жараёнларидан хабар топган бир нечта тадбиркорлар мен билан боғланишди ва вилоятимиз аҳолиси учун ўз ёрдамларини аямасликларини билдиришди. Хусусан, бир тадбиркор 30 та кислород концентраторини вилоятимиз бўйлаб бепул тарқатишини айтса, бошқа тадбиркор эса туман ҳокимлигига зарурий тайёргарлик чоралари учун 20,0 млн.сўм маблағни кўмак тариқасида ўтказиб берди.

Куни кеча эса Фарғона шаҳрида фаолият юритувчи "Moderna Ceramic industries Ferghana" Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасининг раҳбари Дилмурод Аҳмедов ва корхонанинг Хитойлик таъсисчилари туну кун фуқаролар хизматида бўлаётган шифокорларимиз оғирини енгил қилиш мақсадида тез тиббий ёрдам бўлинмасига 1 та "Дамас" русумли автомобиль харид қилишини билдирган эди. Бугун мана шу тез ёрдам автомобили мен сайланган Марғилон шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонаси қошида ташкил этилган маслаҳат гуруҳига топширилди.

Президентимиз айтганларидек, ҳақиқатдан ҳам бугунги кун тадбиркори юрт таянчидир. Юртимизда карантин чоралари жорий этилганидан бошлаб жуда кўплаб тадбиркорларимиз халқни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб хайрия ишларини амалга оширишди, даставвал оддийгина ниқоблар тарқатиш билан бошланган саховатли ишлар бугун катта ҳажмни ташкил этмоқда. Мана шундай қийин вақтларда халқимизга, давлатимизга ўз ёрдамини аямаётган тадбиркорларга раҳматлар айтамиз. Зеро, бугунги синовли кунларда тиббиёт тизимимиз учун ҳар қандай ёрдам олтинга тенг!

Дониёр Ғаниев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер