Ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга

10:14 08 Апрель 2023 Сиёсат
934 0

“Прописка” – бу шунчаки паспортдаги бир муҳргина эмас, инсоннинг бутун ҳаётига таъсир қилувчи тамға эди. У эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини асоссиз чекловчи қонуности ҳужжатлар билан мустаҳкамланганди.

Охирги беш йилда Президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли узоқ йиллар давомида фуқароларни қийнаган “прописка” билан боғлиқ муаммолар тўлиқ барҳам топди. Энди бу масалага охирги нуқта қўйилмоқда — инсонларнинг Ўзбекистоннинг исталган жойида яшаш, уй-жой сотиб олиш ҳуқуқи Конституцияда белгилаб қўйилмоқда.

Бухоро давлат унивеситетида янгилаётган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва аҳамиятига бағишланган тадбирда бу ҳақда маълум қилинди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев иштирок этиб, Бош қомусимизга киритилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституциянинг 32-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда турган ҳар ким мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно, деб белгилаб қўйилмоқда.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистонга тўсқинликсиз қайтиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Тадбирда сўз олганлар Бош қомусимизда ижтимоий давлатга хос ёндашув таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топаётгани, таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга ошаётганлигини қайд этдилар.

Ўқитувчилар, талаба ёшлар киритилаётган ўзгаришлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, Конституцияда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилаётганини мамнуният билан тилга олдилар.

Шунингдек, ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритилаётгани, бу ўз навбатида, нафақат ёшлар манфаати, балки бутун жамиятимиз ва мамлакатимизнинг келгуси тақдири учун ҳам муҳим эканлиги таъкидланди.

Парламент қуйи палатаси депутати иштирокчилар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер