«Ҳар бир маҳаллага китоб» лойиҳаси асосида 5000 дан зиёд маҳаллага 3 миллиард сўмлик китоблар тарқатилди
АОКАда ўтказилган брифингда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Саломов 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Фондимиз ўтган йилда ҳам аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди. 2022 йилда жами 16 мингдан зиёд кам таъминланган оилага қарийб 8 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 1000 нафардан зиёд фуқароларимизга соғлиғини тиклаш учун салкам 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилган бўлса, 87 фуқарога ногиронлик аравачаси, 14 юртдошимизга эса ортопедик мосламалар олиб берилди. Шунингдек, 26 нафар ватандошимизнинг мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказишлари учун маблағ ажратилди.
Ўтган йилда аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратдик. 562 нафар юртдошларимизга тикув машиналари, 153 нафарига эса маиший техника воситалари олиб берилди.
2022 йилда эҳтиёжманд аҳоли қатламини кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга ҳам жиддий эътибор қаратдик. Бунинг учун фонд маблағлари ҳисобидан 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди. 2700 фуқарога кийим-кечак, 7000 дан зиёд аҳолига озиқ-овқат, 1000 нафар юртдошларимизга хўжалик моллари ҳамда 2000 га яқин оилага нақд пул кўринишидаги моддий ёрдамлар тарқатилди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳар бир маҳаллада кутубхона ташкил этиш кераклиги таъкидланган эди. Фондимиз Президентимизнинг мазкур ташаббусидан кейин «Ҳар бир маҳаллага китоб» лойиҳасини ҳаётга татбиқ этди. Лойиҳа доирасида бугунги кунгача 5000 мингдан зиёд маҳаллага 3 миллиард сўмлик китоблар тарқатилди. Шунингдек, ўтган йилда 274 та маҳаллага мебель жиҳозлари, 330 маҳаллага эса компьютер жамланмалари тарқатилди. Бунинг учун фонд маблағлари ҳисобидан 3 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Бундан ташқари, ўтган йилда 3000 га яқин маҳалла идоралари ходимларига 9 миллиард сўм бир марталик моддий ёрдамлар ажратилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг