Ҳар бир йўловчига – бир китоб

19:58 19 Апрель 2022 Жамият
935 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизни қамраб олган II Республика китобхонлик ҳафталиги Наманган вилояти Давлатобод туманидаги «Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани» ахборот-кутубхонасида ҳам байрамона кайфиятда бошланди. Кеча кун давомида бу ерда мактаб ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари ва кенг жамоатчилик учун кутубхона фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида очиқ эшиклар куни, «Китобсевар миллат», «Китоб – маърифат маёғи» мавзуларида кўргазмалар ташкил қилинди. Тадбирларга ташриф буюрганлар орасида бошланғич синф ўқувчиларидан тортиб мўйсафид отахонларгача бор.

Китоб мутолааси Наманган муҳандислик-технология институти талабаси, иккинчи гуруҳ ногирони Шаҳноза Мамасолиеванинг энг севимли машғулоти. Курсдош йигитлар уни махсус аравачасида кутубхонага олиб келишди.

— Мана байрам, мана завқли манзаралар, китобга ошуфта кўнгиллар нақадар кўплигини айтмайсизми?! — дейди Шаҳноза. — Бу ерга биринчи бор келишим. Танловнинг кўплигидан ҳайратга тушдим. Энди бўш вақтларимни шу ерда ўтказаман.

Бугун Давлатободнинг марказий кўчаларида «Ҳар бир йўловчига китоб улашамиз, ҳар бир фуқарони кутубхонага чорлаймиз» шиори остида кўргазмаси ташкил қилинди. Айниқса, шаҳар кўчалари тозалигини таъминлаётган, ҳар қадамни гулларга буркаётган ободонлаштириш хизмати ходимларининг хурсандлигини кўрсангиз эди. Ҳаммалари уйга ўзи танлаган китоб билан қайтадиган бўлди.

Элга зиё тарқатишга бағишланган ҳафталик тадбирлари вилоятнинг барча туманларида уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер