Ҳакамлик судларининг афзалликлари нимада?

17:11 11 Октябр 2018 Сиёсат
3326 0
Иллюстратив фото

Яқинда мустақил тараққиётимизга ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллиги мамлакатда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Зеро, ўтган йиллар мобайнида ушбу ҳужжат туфайли барча соҳалар, жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида салмоқли ютуқ ва натижалар қўлга киритилди. Буни ҳакамлик судлари жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Асосий Қонунимиз қоидалари ва тамойиллари асосида қабул қилинган “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Хўш, мазкур суднинг ўзига хос афзалликлари нимада? Сал илгарироқ номи келтириб ўтилган Қонундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аввало, у тўла маънода фуқаролик жамиятининг демократик ҳуқуқий институтидир. Унинг ўзига хос афзалликлари ҳақида сўз кетганда, ҳакамлик йиғимининг давлат судларига нисбатан камлиги, тезкорлиги, муҳокама ёпиқ тарзда олиб борилиши ва ошкор этилмаслиги, тарафлар ўз ихтиёрлари билан ҳакамлик келишув битими асосида низони ҳал қилиш мақсадида ишни шу маҳкамага ўтказиб, судьяларни танлашлари, судьяларнинг холис ва бетарафлиги, ўзаро тортишув ва тенглик тамойиллари жорий этилганлигини алоҳида таъкидлаб айтиш зарур. Айни чоғда ҳакамлик суди ҳал қилган низони давлат судлари такроран ва мазмунан кўриб чиқиши ёки текшириши мумкин эмас. Унинг қарори эълон қилинганидан кучга киради ҳамда бир ойга қадар ихтиёрий равишда ижро этилиши зарур бўлади.

Шуларга кўра, бугунги кунда АҚШ, Германия, Франция ва бошқа бир қатор ривожланган давлатларда хўжалик ва фуқаролик низоларининг деярли катта қисми мазкур судлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Бизда ҳам шунга қараб бориляпти. Хусусан, “Navoiy — esperanto” МЧЖ ҳузурида доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судимиз фаолияти шундан далолатдир, десак муболаға бўлмайди. Жорий йилнинг январь ойидан фаолият бошлаган ушбу суд томонидан ҳозиргача 100 дан зиёд жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги мулкий ва номулкий низолар кўрилди. Шундан 50 га яқини тарафлар суд мажлиси жараёнида келишгани боис тугатилди.

Шугина эмас. Фаолиятимиз самарадорлигини ошириш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш доимий эътиборимизда бўлиб келяпти. Шу мақсадда вилоят адлия бошқармаси ҳамкорлигида суд мажлисларини сайёр тарзда ўтказиш йўлга қўйилди. Албатта, ана шу саъй-ҳаракатлар беиз кетмаяпти, яъни одамларнинг ҳуқуқий билимлари ошгани сайин ҳакамлик судларига мурожаат қилиш ҳолатлари кўпаймоқда, муҳими, уларнинг мазкур маҳкамага бўлган ишончи мустаҳкамланаётир.
Ориф Кандахор,
“Navoiy — Esperanto” МЧЖ ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер