Гуллар водийсининг маликаси

16:00 27 Февраль 2025 Жамият
308 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Гуллар ҳаммага ёқади. Лекин шундай ишқибозлар борки, гуллар ҳақида соатлаб гаплашсангиз ҳам зерикмайсиз. «Андижон гуллари боғи» гулчилик кластерининг раҳбари Нодирахон Насриддинова болалигидан гулчиликка қизиқади. Боғда, ҳовли ва уй деворларига чирмашиб ўсадиган ноёб атиргуллари бор. Йигирма йилдан бери турли ҳудудлардан уруғлар, куртаклар, қаламчаларни олиб келиб сотиш билан бирга, қўшнилар, танишларига ҳам ҳадя этади. Улар ҳам бу севимли машғулот билан шуғулланиб, гул севувчилар сафи кенгайишини истайди. Уч-тўрт йилдирки, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириб, гул ва кўчат етиштириш билан шуғулланиб келмоқда.

— «Янги Андижон» массиви йирик лойиҳалардан бири бўлди, — дейди Нодирахон Насриддинова. — Ушбу массивни гулзорга айлантириш масъулияти юкланганди. Шу кунгача 30 турдаги 20 минг туп гул, манзарали дарахт кўчатларини экдик. Улар йилнинг тўрт фаслида ҳам гуллаб, шаҳар кўркига-кўрк қўшиб турибди. Ҳар бир гулга йўловчилар меҳр билан қараб ўтади. Гўзаллик шайдоларга шу гуллардан илҳомланиб, ўзларининг боғи, ҳовлиси ва уйларида ҳам гулзор яратишга киришади.

Гулчилик ҳам касб. Мазкур кластер ишчилари нафақат водий, балки республикамизнинг турли ҳудудларида ҳам гул бизнесини ривожлантириш учун йирик лойиҳаларга қўл урган. Андижон, Фарғона, Наманган, Қўқон ва Тошкент шаҳарларида барпо этган яшил маконлари хорижлик сайёҳларини ҳам ўзига тортмоқда.

— Гулчиликнинг ўзига хос қийинчиликлар бор. Чунки сиз гулга қандай ғамхўрлик қилишни билишингиз, маҳсулот устида доимо ишлашингиз керак, — дейди тажрибали тадбиркор. — Асосан Туркия, Италиядан кўчат, уруғ олиб келганимиз билан улар мамлакатимиз иқлимига мослаши учун гулчилик сир-синоатидан хабардор бўлиш керак. Келинг, атиргулни олайлик, оддий одам учун атиргул Италияда ҳам атиргулдир. Нозик дидли буюртмачига итальян атиргулларидек маҳсулот етказиб берсаккина, бизнесимиз муваффақият қозонади. Бунинг учун махсус лабораториямиз фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гулга илмий томондан ёндашамиз.

Инсон ўз касбини севса, уни меҳр билан амалга оширса ўзиям меҳнатидан завқланади, бошқаларга ҳам гўзаллик ва ҳайрат улашади. Гулчиликда ўз бизнесини йўлга қўйиб, қанча опа-сингилларимизни иш билан таъминлагани учун Нодирахон Насриддинова «Шуҳрат» медалига муносиб топилган. «Йил аёли — 2024» республика кўрик-танловида ғолиб бўлгани ёш гулчиларни тарбиялашга ҳам туртки бўлди.

— Мавсум пайтида ишчиларимиз сони минг нафардан ортади, — дейди Гулчи опа. — Гуллар етиштириб даромад топаётганларнинг кўпи шу соҳада ўз тадбиркорлигини йўлга қўйишни хоҳлашади. Шу талаблардан келиб чиқиб Андижон, Наманган, Фарғона, Тошкент, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ўқув курслари ташкил этганмиз. Унда гул ва кўчатчилик етиштиришнинг сир-асрорларидан тортиб, шу иш ортидан даромад топишгача бўлган жараённи ўргатамиз.

Одатда, буюк ишлар асосчиларига тошдан ҳайкал қўйиб, номини абадийлаштиради. Қайдаки, кўзни қувнатиб дилларни шодлантирадиган яшил маконга кўзингиз тушса билингки, у мақоламиз қаҳрамонига қўйилган гўзаллик рамзи. Бир гулчи аёл учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер