Гулчи аёл бахти
Бундан икки йил муқаддам 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан фарзандларни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига катта ҳисса қўшаётган хотин-қизларнинг бир гуруҳи Президент Фармони асосида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланган эди. Ўшанда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги «Гулчи опа томорқа хизмати» кластери раҳбари Шарофат Нориевага унвонни ўз қўли билан топширган Президент ундан ишлари қандай юришаётгани, нима муаммолар борлигини сўраб, ҳали яна кўришамиз, деган эди.
Яқиндагина Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Президент томонидан имзоланган Фармонга кўра биринчи унвон жиззахлик тадбиркор, гулчи опа Шарофат Нориевага насиб этди.
Асли касби тиббиёт ҳамшираси бўлган бу аёл турмуш қийинчиликлари туфайли ҳовлисида етиштирган гулларни бозорга чиқариб сотиш билан шуғулланди. Миришкор деҳқон оиласида улғайган Шарофат Нориева гулларга меҳр қўйди, бу ишни асосий фаолиятига айлантиришга киришди. Гул етиштириш орқали муваффақиятга эришди. Бу соҳада ўз билимини оширди, бошқаларнинг тажрибаларини ўрганишдан эринмади.
Гулчи опа ишсиз хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда ҳам фаоллик кўрсатади, маҳалла аёлларини тадбиркорликка ўргатиб, уларга кредит олишда кўмаклашади. Унинг кўмагида банк имтиёзли кредитини олган ишсиз хотин-қизлардан беш нафари маҳалладаги талабдан келиб чиқиб, нон ва қандолат маҳсулотлари цехини очди. Шунингдек, Шарофат Нориева тумандаги «темир дафтар»да турувчи 54 та хонадонга иссиқхона қуришда ёрдамлашиб, уларга даромад олиш усулларини ўргатди, бу билан қарийб юзга яқин хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Мазкур саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, Шарофат Нориева «Шуҳрат» медали, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан билан тақдирланди. ЎzLiDeP томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Ишбилармон аёл» кўрик танловининг республика босқичида иккинчи ўринни эгаллади.
Шарофат опа кўп фарзандли оилада вояга етган. Шу болажонлиги боис 2022 йилда Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган тўққиз нафар болани фарзанд қилиб олди. Уларни ўз фарзандидек тарбиялаб, таълим олиши, қизиқишларини амалга ошириши учун етарли шароит яратиб берди.
— Тадбиркорлик туфайли, фаровон, бахтли ҳаёт кечираётирмиз, — дейди Шарофат Нориева. — Турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши, отамнинг деҳқончиликка оид маслаҳатлари, фарзандларимнинг кўмаги билан бугун мана шундай даражага эришдик. Демак, камбағалликдан қутулиш, ўз тирикчилигини йўлга қўйиш яхши натижалар бераркан. Буни биз ўз тажрибамизда синаб кўрдик. Тўғри, кўп қийинчиликлар бўлди, лекин биз сув келса симириб, тош келса кемириб, ўз ниятимизни амалга оширдик. Барча қийинчиликлар ортда қолди, ишларимиз йилдан йилга барор олмоқда. Тўғрисини айтсам, ҳар бир қилаётган ишимда Президентимизнинг менга берган далдаларини, қўллаб-қувватлашларини ҳис қиламан. Давлатимиз томонидан тадбиркорларнинг қўллаб-қувватланиши бизга янги имкониятлар эшикларини очмоқда.
Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА
журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг