Ғозғоннинг қадим бренди энг илғор технологиялар асосида тикланди

12:15 08 Апрель 2026 Жамият
195 0

Ғозғонда мармар кончилиги ишларига ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида асос солинган. Унга қадар ҳудуд заминидан мармар ҳарсанглари ибтидоий усулда қазиб олиниб, қўлда ишлов берилган. (Шаҳардаги Шоҳимардон зиёратгоҳига борган киши бунинг гувоҳи бўлиши мумкин).

Fозғон мармартош кони анча текис қирликлардан иборат. Мармар қатламлари конда 15 – 20 метр баландликдаги тизма ҳолида ер юзига чиқиб кетган ва у ўнлаб километрга чўзилади. Тўқ кулранг, тутунранг, кўкимтир, қизғиш, оч қизғиш ва баъзи-баъзида нафис оқ ранглардан иборат ўзининг рангдорлиги билан ажралиб туради. Энг муҳими, совуқ ва иссиққа чидамли, юз йилгача ҳам сифатини йўқотмайди. Таркибида темир моддаси камлиги сабаб зангламайди, ёрилмайди.

Шу боис дунёнинг бир қатор йирик шаҳарларида метрополитен бекатлари, Бухородаги Ситораи Мохи Хоса мажмуаси, Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ва яна ўнлаб муаззам иншоотларга Ғозғон мармари билан зеб берилган. Бироқ уларнинг барчаси узоқ ва ўрта ўтмишнинг осори-атиқалари бўлиб, яқин тарихимиздан наинки хориж, балки ўзимизда ҳам ушбу тош ишлатилган бирор-бир гўзал иншоотни тилга олишимиз мушкул. Ваҳоланки, Ғозғондаги ўнинчи асрга тегишли ёдгорлик — Шоҳимардон мақбараси ҳудуд мармарининг мустаҳкамлиги ҳамда қурилиш ва меъморчиликдаги ишловбоплигининг тарихий далилидир.

— Мажмуа Марказий Осиёда Мавритания усулида қурилган илк меъморчилик обидаларидан бири ҳисобланади, — дейди сангтарош Тоҳир Раҳимов. — Улкан мармар устунларга посангиси тўғрилаб терилган равоқ ва пештоқлар аждодларимиз математика, геометрия, кимё ва физика каби фанларни нақадар билимдони бўлгани ва улардан меъморчиликда заргарона фойдаланганидан далолатдир. Шунингдек, мармарни бир-бирига бириктириш учун улар жинчкон дея аталувчи таркиби мармар унсурларидан иборат бириктирувчи қоришманинг ноёб турини қўллагани тошдан хомашё сифатида фойдаланиш кўламини янада кенгайтиради.

Хуллас, қадим-қадимдан ноёб бойлик ҳисобланган Ғозғон мармари қадрсизланиб, ҳудуд ижтимоий муаммолар гирдобида қолгани ҳам бор гап. Узоқ йиллар қирлар орасидаги кафтдеккина шаҳарча эътибордан четда қолиб келди.

Ғозғон мармари ва гранитининг довруғини тиклаш, ер ости хазинасидан юртдошларимиз фаровонлиги йўлида оқилона фойдаланиш ишларига Президентимизнинг 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифидан сўнг чинакамига киришилди. Ўшанда давлатимиз раҳбари ушбу тош халқимизнинг наинки моддий, балки маънавий бойлиги ҳам эканини таъкидлаб, Ғозғонда энг замонавий технологияларга асосланган мармарни қайта ишлаш корхоналари барпо этиш вазифаларини белгилади.

— Орадан кўп ўтмай Ғозғонда мармар ва гранитга асосланган қурилиш материаллари саноати базасини ташкил этиш, юқори инфратизимга эга саноат шаҳрига асос солиш, ҳудудни комплекс ривожлантиришнинг яқин истиқболдаги режасини ишлаб чиқиш ғояси илгари сурилди, — дея давом этади Тоҳир Раҳимов. — Ушбу ғоя мамлакатимиз харитасида янги шаҳар ва янги саноат кластери пайдо бўлишига замин ҳозирлади.

Ғозғонда қисқа фурсатларда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бунёдкорликлар амалга оширилди. Шаҳарга кираверишда 37 гектар ер майдони ажратилиб, мармар ва гранит тошларни қайта ишлашга ихтисослашган “Мармаробод” корхонасига асос солинди. Умумий қиймати 52 млн. АҚШ долларига тенг 14 та лойиҳа жойлаштирилиб, маҳаллий муҳандис мутахассисларнинг малакаси оширилди, ёшларга энг илғор технологиялар асосида мармар харсангларини турли ҳажм ва исталган қалинликда кесиш, пардозбоп маҳсулотга айлантириш ишлари ўргатилди.

— Корхонамиз ташкил этилмасдан олдин Ғозғон шаҳрида умумий миқдорда 15 — 20 минг квадрат метр мармар ва гранит маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, бугун бу кўрсаткич қарийб 500 минг кв. метрга етказилди, — дейди “Мармаробод” МЧЖ раҳбари Завқиддин Шарипов. — Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғи, Самарқанддаги “Туристик марказ”, Имом Бухорий мажмуалари каби қатор қурилишларда мармарларимиздан фойдаланилгани фахр уйғотади. Энг муҳими, ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бугун асосий мақсадимиз йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини ошириб, экспорт улушини кўпайтиришдан иборат.

Таъкидлаганимиздек, Ғозғон мармартошлари сифат ва ишловга қулайлиги туфайли дунё бозорида харидоргир Италия мармартошлари билан бемалол рақобатлаша олади. Илгари фақат ишлов бериш ускунасозликдаги устунликкина тарози палласини италияликлар томон оғдирган бўлса, бугун янги технологиялар Ғозғонда 30 турдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқариш имконини тақдим этиб, хомашё захираларига эса хорижлик сармоядорларнинг ҳам қизиқиши тобора ортиб бормоқда.

— Мен узоқ йиллар алмисоқдан қолган технологиялар билан мармар соҳасида ишлаганман, — дейди кластер тизимидаги яна бир корхона раҳбари Ҳамид Нарзиев. — Харсангларни қазиб олишдан тортиб, охирги маҳсулот кўринишига келтиришгача бўлган барча жараёнлар азоб эди. Мана шу корхоналарнинг бирини банкнинг кам фоизли кредити ёрдамида олдим. Бир йилда кредитни ёпиб, 100 минг долларлик маҳсулот четга экспорт қилдик. Бугун шарқона меъморий ечимдаги иморатлар учун интерьер маҳсулотлари, тошдан ошхона жиҳозларини тайёрлаш устида иш олиб бормоқдамиз.

Мухтасар айтсак, Ғозғон пардозбоп тошлар бўйича Ўзбекистоннинг дунё бозоридаги брендини таъминловчи ягона саноат шаҳрига айланиб бўлди. Шу кунгача ишга туширилган лойиҳаларнинг шаҳар иқтисодидаги самарадорлигига тўхталадиган бўлсак, ундан бюджет тушуми 2,5 млрд. сўмга ошиб, 3,400 млн. АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорти кутилмоқда.

Шаҳар эса замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида бутунлай янги қиёфа касб этмоқда. 20 километрдан тоза ичимлик суви келтирилиб, 70 кмга яқин километрлик ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Юқори тезликдаги интернет, замонавий 48 ўринли шифохона ишга туширилади. Маъмурий бинолар, маданий-маиший иншоотлар бунёд этилди. Шунингдек, шаҳарда кон саноати корхоналари билан бир қаторда ғозғонлик аёлларни иш ўринлари билан таъминлаш мақсадида 200 иш ўринли “Sardoba textile” хусусий корхонаси ишга туширилиб, трикотаж маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилди.

— Бу ерда иш бошланишидан аввал шаҳримизда кўплаб аёллар банд эмас эди, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Ғозғон шаҳар бўлинмаси бош мутахассиси Мунира Рустамова. — Ўтган давр мобайнида шаҳримизда саноат инфратузилмаси ва бошқа ижтимоий соҳа объектларининг ишга туширилиши натижасида аёллар учун мос 240 та янги иш ўринлари яратилди ва 220 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Албатта, мазкур омил шаҳардаги 1,6 мингдан ортиқ хонадонларда истиқомат қилувчи 2,4 мингта оиланинг яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз раҳбари топшириқлари ижроси таъминланиши Ғозғонда 10 мингдан ошиқ янги иш ўринлари яратиш имконини берди. Бугун шаҳар аҳолиси 9480 киши эканини инобатга олсак, Ғозғон меҳнат ресурслари жалб этувчи ҳудуд айланган дейишга тўлиқ асос бор.

Қурилиш иқтисодиётнинг муҳим тармоғи ҳисобланади. Ушбу соҳага йўналтирилган сармоя яқин истиқболда янги иш ўринлари ташкил этишда ёрдам берса, узоқ муддатда ҳар бир ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширади. Иқтисодий барқарорликни таъминлаб, энг муҳими, одамлар ҳаётини яхшилаш баробарида уларнинг давлатдан, ўтаётган ҳар бир кунидан мамнунлигини оширади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер