Глобал таълим форуми: Самарқандда туризм келажагини шакллантириш бўйича таълим стратегияси тақдимоти бўлиб ўтди

15:12 19 Октябр 2023 Жамият
370 0

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеясининг 25-сессияси тўртинчи кунининг муҳим воқеаларидан бири Глобал таълим форуми бўлди.

Тадбирни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган UNWTO Бош Ассамблеясини ўтказиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати ташкилий қўмитаси раиси ўринбосари, “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори Азиз Абдуҳакимов очиб берди.

“Ўзбекистонда туризм соҳасида таълим жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Сўнгги уч йилда ихтисослашган олий таълим муассасалари сони 16 тадан 30 тага, талабалар сони эса 4100 нафардан 11500 нафарга кўпайди. Илмий ходимлар ва мутахассислар сони ҳам ортиб бормоқда, — деди А. Абдуҳакимов. — Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018-йилда Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети ташкил этилди ва мамлакатимиздаги етакчи туризм таълим муассасаларидан бирига айланди. Энг муҳими, Самарқандда UNWTO билан ҳамкорликда Халқаро Туризм Академияси фаолияти йўлга қўйилмоқда. Мақсад туризм соҳаси ривожи учун хизмат қиладиган малакали кадрлар синфини шакллантиришдир”.

Форумнинг очилишида нутқ сўзлаган UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили таълим туризми соҳасидаги долзарб муаммолар, уларни ҳал этиш йўлларига тўхталиб ўтди.

“Форум бугунги кунда туризм таълими соҳасидаги долзарб муаммоларга бағишланган, — деди UNWTO Бош котиби Зураб Пололикашвили. — Бугунги кунда таълим усуллари ўзгармоқда. Янги технологиялар, жумладан, сунъий интеллект кўплаб имкониятларни очиб беради, лекин айни пайтда кўплаб муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Уларни тўғри ҳал қилиш учун биз бизнес ва туризмнинг келажаги бўлмиш ёшларни тинглашимиз керак”.

Форумда туризм саноати келажагини шакллантиришда таълим дастурларининг стратегияси ва роли, шунингдек, бу борадаги мақсадлар, қарашлар ва амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, туризм соҳасида ҳозирги ва келажак авлодлар учун инновациялар ва таълимни рағбатлантирувчи сиёсат масалалари муҳокама қилинди. Муҳокама давомида инклюзив ва барқарор туризмни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, малака ошириш ва иш ўринлари яратиш масалаларини ҳал этиш учун янги қоидалар, самарали воситалар ва глобал ҳамкорлик имкониятлари ўрганилди.

“Таълим, келажакка сармоя киритиш” номли биринчи асосий маъруза таълимга сармоя киритиш билан боғлиқ имкониятлар ва муаммоларни қамраб олди. Бунда соҳадаги инновациялар билан ҳамоҳанглик, туризм таълимига сармоя киритиш муҳимлиги таъкидланди.

Иккинчи асосий маъруза “Эртанги кун салоҳиятини ишга солиш: чексиз келажак учун технологиялар, инновациялар ва таълимни ўзгартириш” мавзусида бўлди. Ушбу маъруза таълим ва салоҳиятни ривожлантиришда сўнгги технологиялар ва тенденцияларни ёритиб берди.

Ўзбекистон Туризм академияси томонидан мамлакатимизнинг туризм таълимига сармоя киритишга интилиши ва Бутунжаҳон туризм ташкилоти билан ҳамкорлиги акс эттирилган махсус тақдимот куннинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.

Форум якунида “Ulysses Awards UNWTO” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтади. Мукофотнинг таълим аълочиси учун 16-лауреати номи аниқланади. “Ulysses Awards UNWTO” туризм соҳасидаги билимларни яратиш ва тарғиб қилишда алоҳида ҳисса қўшган шахслар, ташкилотлар ёки муассасаларга берилади. У туризм соҳасининг барқарор ривожланишини қўллаб-қувватлаш учун инновациялар, тадқиқотлар ва тажриба алмашишни рағбатлантиришга қаратилган. Мукофот туризм соҳасидаги билимлар базаси, унинг ўсиши ва глобал миқёсдаги таъсирига ҳисса қўшганларни эътироф этиш ва тақдирлаш учун глобал платформа бўлиб хизмат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер