Гиёҳвандликка қарши курашда прекурсорлар назорати зарур

11:37 08 Апрель 2026 Жамият
282 0

Инсониятга хавф солиб турган уюшган трансмиллий жиноятчиликнинг энг хавфли турларидан бири бу – гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасидир. Гиёҳвандлик эса аҳоли саломатлиги ва миллат генофондига жиддий таҳдид солаётган иллат бўлиб, унга қарши курашиш ҳамда уюшган наркожиноятчиликка чек қўйиш дунё мамлакатлари сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир.

Таъкидлаш жоизки, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласида прекурсорлар алоҳида ўрин тутади. Прекурсор деганда гиёҳвандлик воситаларининг синтези учун ишлатиладиган махсус кимёвий элемент тушунилади. Прекурсорлар айланмасини назорат қилиш гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний ишлаб чиқарилишига қарши курашнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб, кўпгина давлатлар томонидан бундай маҳсулотларнинг муомаласи алоҳида назоратга олинган. Мамлакатимиз қонунчилигида ҳам прекурсорлар муомаласини тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 19 августдаги «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида» Қонунининг 3-моддасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимида Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни тайёрлаш учун фойдаланиладиган прекурсорлар нима экани кўрсатиб ўтилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги «Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан мамлакатимизда муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхати тасдиқланган ва унга 29 номдаги прекурсорлар киритилган.

Бироқ бугунги кунда миллий қонунчилигимизда прекурсорлар билан боғлиқ айрим бўшлиқлар сақланиб қолмоқда. Хусусан, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлашда фойдаланиладиган яна бир қанча прекурсор моддалар мамлакатимизда муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатига киритилмаган. Бундан ташқари, прекурсорлар билан муомалада бўлиш тартиби белгиланмагани, уларнинг қонуний муомаласини назорат қилиш бўйича қатъий механизмлар мавжуд эмаслиги ҳамда прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи учун жавобгарлик назарда тутилмагани жавобини кутаётган масалалардандир.

Юқоридаги бўшлиқлар прекурсорларнинг қонуний муомаласини назорат қилиш имконини бермайди ва ноқонуний муомалага чиқиб кетиш эҳтимолини оширади. Ачинарлиси, прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, мазкур қилмишни содир этган шахсларнинг жавобгарликка тортилмай қолишларига ва ўз ҳаракатларини давом эттиришларига сабаб бўлади.

Бу борадаги хорижий тажрибаларни кўздан кечирадиган бўлсак, Россия, Беларусь, Молдова, Украина, Озарбайжон каби қатор давлатларда прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарлик белгиланганини кўрамиз.

Шунга биноан, Ўзбекистонда ҳам муомаласи чекланган прекурсорлар рўйхатини халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда кенгайтириш чораларини кўриш ҳамда уни соддалаштирилган тартибда тезкорлик билан янгилаб бориш механизмларини жорий этиш айни муддао. Прекурсорларнинг қонуний муомаласини тартибга солиш ҳамда улар ишлаб чиқарилиши ёки хориждан келтирилишидан бошлаб реализация қилинишигача бўлган барча жараёнларни электрон назорат қилиш тизимини йўлга қўйишни назарда тутувчи қатъий давлат назоратини ўрнатишни вазият тақозо қилмоқда. Асосийси, прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни киритиш лозим.

Фикримизча, мазкур таклифларнинг жорий этилиши мамлакатимизда прекурсорларнинг қонунга хилоф муомаласини олдини олиш ва уларга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги ошишига хизмат қилади.

Мирсаид ХАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни

назорат қилиш агентлиги гуруҳ раҳбари.

Бахит КАЛБАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси

Жиноят ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер