Германиядаги ватандошлар COVID-19 га қарши курашишда бирдамлик кўрсатмоқда
Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият туфайли Францияда истиқомат қилаётган ватандошлардан иборат кўнгиллилар “Ўзбекистон билан бирдамлик“ акциясини ташкил қилгани ҳақида аввал хабар берган эдик. Акция доирасида жамғарилган маблағлар фуқароларимизнинг тиббий ва ижтимоий эҳтиёжлари учун йўналтирилиши кўзда тутилган. Ана шундай ижтимоий лойиҳа Германиянинг қатор шаҳарларида ҳам қанот ёзди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Германияда яшаётган ватандошлар мамлакатимизда апрель ойининг иккинчи ўн кунлигига қадар барча ҳаво ва халқаро транспорт қатновлари тўхтатилганини инобатга олиб, ушбу мамлакатда вақтинча бўлиб турган юртдошларимизга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонинг мазкур давлатдаги дипломатик ваколатхоналари атрофида бирлашмоқда.
Франкфурт-Майн ва Бонн шаҳарларида фаолият юритувчи Германия – Ўзбекистон дўстлик жамияти ҳамда маданий бирлашмалари ҳам хайрли ишда кўмакдош бўлиб, ватандан олисда ёрдамга муҳтож юртдошларимиз ҳақида қайғурмоқда, уларни зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда жонбозлик кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Германиянинг Мюнхен, Кёльн, Штутгарт ва бошқа шаҳарларида доимий яшовчи ватандошлар коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятдан азият чекаётган юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш, уларни Германияда вақтинча уй-жой билан таъминлаш мақсадида ҳисоб рақам очиб, мақсадли ёрдам кўрсатиш ташаббусини олға сурмоқда.
Мазкур акцияда иштирок этиш истагида бўлган юртдошларимиз очилган махсус ҳисоб рақамга хайрия маблағларини ўтказишлари мумкин:
Gemeinde Wonneberg
IBAN: DE82710900000547131232
Verwendungszweck: USBEKISTAN
Ишончли вакил: Ҳабиба Ҳамдамова
+49 176 80516255
hamdamova@gmail.com.
Хорижда яшаётган ватандошларимиз томонидан кўрсатилаётган жонбозлик уларнинг юрт келажаги, унинг тақдири ва эртаси учун қайғураётгани, масъулиятни чин кўнгилдан ҳис этаётгани намоён этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг