Германия Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамининг имкон қадар тезроқ киришини таъминлашга чақирмоқда
Фото: Reuters
Германия канцлери Олаф Шольцнинг маълум қилишича, мамлакат ҳукумати Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамининг имкон қадар тезроқ киришини таъминлашга чақирмоқда.
Канцлернинг сўзларига кўра, минтақа аҳолиси ёрдам ва қўллаб-қувватлашга муҳтож.
“Бу жуда жиддий ва қийин давр. Мен буни тўлиқ аниқлик билан такрорлайман: ҲАМАСнинг Исроил ва унинг фуқароларига ҳужумини ҳеч қандай тарзда оқлаб бўлмайди... Фаластинликлар ҲАМАС эмас ва ҲАМАСнинг фаластинликлар номидан гапиришга ҳаққи йўқ”, дея таъкидлади Шольц Миср президенти Абдуллоҳ Фаттоҳ ас-Сиси билан учрашувда.
Унинг қўшимча қилишича, Германия Миср билан биргаликда Яқин Шарқдаги урушнинг даҳшатли оқибатларини олдини олиш учун ҳамма нарсани қилади. Шунингдек, Шольц ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилиш учун бор кучини ишга солишини таъкидлади.
Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва Исроил ҳудудига ҳаводан зарба берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олган. Шу фонда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди.
Исроил мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ХАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади. Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторидаги ҲАМАСнинг юзлаб марраларига зарбалар берди ва Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши ушбу ҳудудга сув, озиқ-овқат, электр ва ёқилғи етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди.
13 октябрь куни Исроил БМТга Ғазодаги қуруқликдаги операция олдидан 1,1 миллион фаластинлик Ғазо жанубига 24 соат ичида эвакуация қилиниши кераклигини айтди.
Аввалроқ, Миср Исроилни фаластинликларни Ғазо секторидан сиқиб чиқармоқчиликда айблаган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг