Географик объектларга ном беришда фуқаролар ташаббуси инобатга олинади

12:40 12 Май 2022 Жамият
549 0

Illyustrativ foto

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, тегишли соҳа вакиллари, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, эксперт ва олимлар иштирок этган йиғилишда қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон тарихида чуқур из қолдирган шахслар, шу жумладан жамоат ва давлат арбобларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида уларнинг номини географик объектларга бериш тартиби қонунчиликда аниқ тартибга солинмаган. Бу эса амалиётда географик объектларга шахс номини беришда турли муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбоблар исми-шарифини беришни тартибга солишга хизмат қилади.

Йиғилишда сўз олганлар қонун устувор бўлган юрт равнақ топишини айтиб, қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдириб ўтишди. Депутатлар томонидан кўтарилган саволларга мутасаддилардан атрофлича жавоблар олинди.

Айни пайтда қўмитада қонун лойиҳасини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер