Ғазо сектори аҳолиси кенг кўламли вайронагарчиликларга қарамай уйларига қайтмоқда
Фото: AP
Ғазо секторидаги Хон-Юнус шаҳри аҳолиси кенг кўламли вайронагарчилик ва яшаш шароити йўқлигига қарамай уйларига қайтмоқда.
Хон-Юнус шаҳри ҳарбий операция бошланган — 7 октябрдан бери Исроил томонидан оммавий бомбардимонларга учраган. Баъзи кварталлар, жумладан, кўп қаватли тураржой бинолари, масжидлар, мактаблар ва тиббиёт муассасалари бутунлай вайрон бўлган. Қисман шикастланган ёки зарар кўрмаган биноларда электр ва сув таъминоти йўқ.
“Уруш бошида уйларимизни тарк этиб, Хон-Юнусдаги эвакуация қилинганлар мактабига бордик. Сулҳ кучга киргандан кейин қайтиб келдик ва бу даҳшатни кўрдик. Кварталимизда яшаш учун шароит йўқ”, дейди шаҳар аҳолиси Набил Абу Тоэми.
Баъзи оилалар сулҳ даврида уйлари харобаларида яшашни афзал кўрмоқда. Одамлар кўчада оловда овқат пиширишга мажбур бўлмоқда. Баъзи жойларда ёмғирдан бошпана учун қўлбола чодирлар ўрнатилган.
Душанба куни ҲАМАС ва Исроил Қатар ва Миср воситачилигида Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш учун тўрт кунлик гуманитар сулҳни яна икки кунга узайтиришга келишиб олдилар. Шундай қилиб, сулҳ 30 ноябрь эрталабгача амал қилади.
Айрим ОАВ Миср, Қатар, АҚШ ва Исроил сулҳни давом эттириш имкониятини муҳокама қилаётганини ёзмоқда.
Можаро томонлари ўртасида октябрь ойи бошида можаро авж олгандан кейин биринчи кенг кўламли келишув 22 ноябрь куни Қатар воситачилигида эришилган эди. Томонлар бир-бирининг ўнлаб гаровга олинганлар ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни алмашиш учун тўрт кун давомида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олдилар. Тўрт кунлик сулҳ 24 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 07.00да бошланди ва сешанба куни яна икки кунга узайтирилди.
Яқин Шарқдаги вазият 7 октябрь куни Ғазо секторидан Исроилга Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати жангариларининг кириб келиши, Исроил билан чегарадош ҳудудлар аҳолисининг ўлдирилиши ва 200 нафардан ортиқ, жумладан, болалар, аёллар ва қарияларнинг гаровга олин олиниши билан кескин ёмонлашди. ҲАМАС ҳужумни Исроилнинг Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига қарши ҳаракатларига жавоб деб атади.
Шундан сўнг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Мамлакат мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсади ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг