Ғалла – халқимизнинг ризқ-рўзи, уни нобуд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ — Улуғбек Қосимов

23:28 04 Январь 2023 Жамият
832 0

Фото: «Халқ сўзи»

Йил йилга ўхшамайди, дейди деҳқонларимиз. Дарҳақиқат, шундай. Иқлим ўзгариши, об-ҳаво инжиқликлари ер эгаларини гоҳида саросимага, гоҳида ўзига хос синовларга рўбарў қилади. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш мўл-кўл ҳосил етиштириш гаровидир.

Айни кунлар деҳқончиликда зарур агротехник тадбирларни кечиктириб бўлмайдиган муҳим палла. Айниқса, ризқ-рўзимиз манбаи — ғаллага ўғит бериш, суғориш ишларини пайсалга солиш ҳосилдорликка путур етказиши мумкин.

Шунга кўра Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қодиров туманларда бўлиб, қишлоқ хўжалигига доир ишларни мунтазам ўрганиб бормоқда.

Ўрганишлар натижасида аниқланишича, Шеробод туманида 10 минг 700 гектар майдонда ғалла экилган. Шундан бугунга қадар 165 гектар ғалла майдонида суғориш ишлари, 5 минг 600 гектарида ўғитлаш ишлари бажарилмаган. Пала-партиш олиб борилган агротехник тадбирлар туфайли 1 минг 300 гектар майдондаги ғалла униб чиқмаган, 1 минг 200 гектар майдондаги майса ўсишдан орқада қолган.

Вилоят раҳбари туман масъуллари йўл қўйган бу камчиликларни кескин танқид қилди. Қайд этилганидек, бир гектар ғаллазордан камида 60-70 центнер ҳосил олиши мумкин. Ҳолбуки, ҳудудда ғалладан 80-100 центнергача ҳосилдорликка эришаётган фермер хўжаликлари кўп. Муҳокама чоғида вилоят раҳбари «Ғалла халқимизнинг ризқ-рўзи, уни нобуд қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дея алоҳида урғулади. Соҳада фавқулодда ҳолат эълон қилди. Ишларни тизимли ташкил этиш, ғалла майдонларида ўғитлаш, суғориш, бўшаб қолган майдонларни шудгорлаш, далалар четларини тозалаш ва тут кўчатлари экиш бўйича муҳим чора-тадбирлар белгиланди.

Худди шунингдек, вилоят раҳбари Жарқўрғон туманида бўлиб, ғаллазорлар парваришини ҳам кўздан кечирди. Мутасаддилар иштирокидаги йиғилишда тумандаги ғалла майдонларининг 450 гектарида белгиланган агротехник тадбирлар олиб борилмагани танқид қилинди. Экин далаларида кузги шудгорлаш ишлари якунига етказилмаган, ғалла майдони тўлиқ дориланмаган ва бошқа шу каби агротехник тадбирларнинг бажарилмагани натижасида туманнинг қишлоқ хўжалиги абгор аҳволга келиб қолганига эътибор қаратилди. Кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъуллар бириктирилиб, уларга аниқ вазифалар юкланди.

Вилоятнинг Қизириқ туманидаги ўрганишларда ҳам ғаллачиликда қатор камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. 316 гектар ғалла майдонида белгиланган агротехник тадбирлар олиб борилмагани натижасида ғалла униб чиқмаган.

Афсуски, бундай ҳолатлар бошқа туманларда ҳам кузатилмоқда. Шу боис, қишлоқ хўжалигида зарур агротехник тадбирлар вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилиб, олиб борлаётган ишлар вилоят штабида мунтазам муҳокама қилинмоқда.

Маълумот ўрнида, 2022 йилда вилоятда 90,8 минг гектар майдонга ғалла экилиб, ўртача 72,8 центнердан, жами 661,4 минг тонна ғалла хирмони уйилган.

Илҳом Раҳматов,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер