G7 давлатлари Украинани қанча керак бўлса, шунча  қўллаб-қувватлашини билдирди

18:00 28 Июнь 2022 Дунё
1375 0

Фото: Reuters

G7 давлатлари (АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Канада ва Япония) Украинани зарур бўлган вақтгача, жумладан, қурол-яроғ етказиб бериш орқали ҳам қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди. Бу ҳақда Германияда бўлиб ўтган G7 саммитининг якуний коммюнике*сига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.

«Биз Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлаймиз ва унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун зарур молиявий, гуманитар, ҳарбий ва дипломатик ёрдам берамиз», дейилади баёнотда.

Шунингдек, G7 давлатлари Украинанинг эркин ва демократик келажагини таъминлаш ҳамда ўзини ҳимоя қилиш масаласида унга ёрдам бериш учун манфаатдор давлатлар билан узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди.

Бундан ташқари, ҳужжатда G7 мамлакатлари Украинани қайта тиклаш бўйича халқаро конференция ўтказиш зарур, деб ҳисобланиши айтилган.

«Биз халқаро тикланиш конференцияси ва Украина халқаро ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиққан ва амалга ошираётган режа орқали Украинанинг тикланишини қўллаб-қувватлашга қарор қилдик», дейилади баёнотда.

Коммюникеда G7 давлатлари аллақачон Киевга 2,8 миллиард доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатгани қайд этилган. Ушбу давлатлар расмийлари Украинага яна 29,5 миллиард доллар ажратишга тайёр эканликларини билдирган.

Аввалроқ G7 давлатлари етакчилари якуний коммюникеда Хитойдан «махсус ҳарбий операция»ни тўхтатиш учун Россияга босим ўтказишни талаб қилингани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

*Халқаро музокаралар якунлари, келишувлар, мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеалар, масалан, ҳарбий ҳаракатлар, учрашувлар, йиғилишлар, саммитлар натижалари тўғрисида расмий баёнот.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер