Фурқат туманида «Do‘stlik City Mall» халқаро савдо ва кўнгилочар мажмуаси барпо этилмоқда

11:53 11 Февраль 2026 Жамият
655 0

Айни кунларда Фурқат туманида замонавий шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари асосида «Do‘stlik City Mall» халқаро савдо ва кўнгилочар мажмуаси қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.

Бир вақтнинг ўзида 40 минг нафаргача меҳмонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўладиган ушбу муҳташам мажмуа нафақат Қўқон ҳудуди ва атроф туманлар, балки қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан ташриф буюрувчилар учун ҳам хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Иншоот Фурқат туманининг «Ардаҳшон» МФЙ ҳудудида, икки қўшни давлат чегарасига яқин жойда барпо этилмоқда. Шу ҳудудда 2025 йил 31 март куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Президентлари иштирокида очилган «Дўстлик» стеласи жойлашгани ҳам лойиҳанинг стратегик аҳамиятини оширади.

Лойиҳага кўра, мажмуа ҳудудида 6 та махсус савдо ва ишлаб чиқариш майдони ташкил этилади. Уларда текстиль маҳсулотлари, қурилиш материаллари, уй-рўзғор буюмлари савдоси ҳамда ишлаб чиқариш фабрикалари фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, уч қаватли замонавий савдо маркази қурилиши ҳам кўзда тутилган.

— Умумий қиймати 400 миллиард сўмни ташкил этувчи мазкур лойиҳа 2027 йилда тўлиқ ишга туширилади, — дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари Рауфжон Ҳамдамов. — Натижада 4 мингта юқори даромадли янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Қурилиш жараёнида илғор технологиялар ва замонавий инфратузилма ечимлари қўлланилмоқда. Мажмуада жаҳон андозаларига мос шароитлар яратиш, хавфсизлик ва қулайликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Айтиш жоизки, «Do‘stlik City Mall» яқин истиқболда Фурқат туманининг йирик савдо, хизмат кўрсатиш ва туризм марказларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер