Фуқароларнинг тегишли асосларсиз жарима билан “сийланиши”га қачон нуқта қўйилади?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қонун лойиҳасида Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги, Мажбурий ижро бюроси номидан маъмурий жазо қўллашга ваколатли бўлган мансабдор шахслар доираси аниқ белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, жарималарни тўлашда фуқароларга енгилликлар берилишига, Мажбурий ижро бюроси тизимида назорат кучайтирилишига ва суиистеъмолчиликларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Мажлисда депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ҳамда таклифлар юзасидан ташаббускорлар томонидан атрофлича жавоблар олиниб, қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг