Фуқаролар эҳтиёжига қаратилган давлат хизматлари “Бир қадам” тамойили асосида ривожлантирилади
Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги қўшма лойиҳаси томонидан ҳамда Германиянинг Ўзбекистондаги халқаро ҳамкорлик жамияти, Олий Мажлис Сенати, "Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази" (Ўзбекистон) ва "Марта" (Латвия) ташкилоти билан ҳамкорликда "Фуқаролар эҳтиёжига қаратилган давлат хизматлари “Бир қадам” тамойили асосида халқаро ва миллий тажриба" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
"Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқаришни такомиллаштириш" дастури доирасидаги ушбу халқаро конференциянинг мақсади мутахассислар, раҳбарлар, фаоллар, сиёсатчилар ва ҳамкорларни бир жойга йиғиш, мулоқот, ҳамкорлик ва барча тоифалар, хусусан, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар каби заиф гуруҳлар учун давлат хизматлари сифати ва қулайлигини янада оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш учун платформа яратишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан сўнгги йилларда жамиятда барқарор иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий адолатни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиши учун қулай шароитлар яратишдан иборат. Рақамли технологиялар нафақат "инсон омили"нинг давлат бошқаруви сифатига таъсирини камайтириш, балки давлат хизматларидан фойдаланишда аҳолининг индивидуал эҳтиёжларига ҳам эътибор қаратиш имконини бермоқда.
Конференция очилишида иштирок этган Адлия вазирлиги вакиллари аҳолига ижтимоий давлат хизматлари кўрсатилиши бўйича қилинган ишлар ҳамда келгусида амалга ошириладиган устувор вазифаларга ҳақида маълумот беришди.
Хусусан, бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 40 дан ортиқ ижтимоий соҳадаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш устувор мақсадларимиздан бири ҳисобланади.
Жумладан, барча давлат хизматлари марказларида Ижтимоий хизматлар бурчаги ташкил этилган бўлиб, ногиронлиги бор шахслар, кексалар ва ёш болали аёлларга хизматлардан навбатсиз фойдаланиш имконияти яратилган.
Бундан ташқари I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун ундириладиган тўловлардан 50% чегирма қўлланилиши жорий этилди.
Бундан ташқари, Адлия вазирлиги томонидан ижтимоий ҳимояга оид давлат хизматларини проактив шаклда, яъни фуқаронинг мурожаатини кутмаган ҳолда уларга хизматлар кўрсатилишини кенгайтириш ишлари олиб борилаётгани таъкилданди.
Шу билан бирга Давлат хизматлари марказлари ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзив муҳитни яратиш учун мослашгани, ДХМларнинг замонавий бинолари пандус, махсус кутиш жойлари билан жиҳозланган ҳамда сурдо таржимон планшетлари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун алоҳида бошқа хизмат кўрсатиш шароитлари яратилгани, ДХМларда ногиронлиги бўлган шахслар, кекса ва ҳомиладор аёлларга давлат хизматларини кўрсатиш навбатсиз амалга оширилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
Конференцияда пленар сессиялар, панел муҳокамалари ва тақдимотлар форматида бир қатор мавзу ва масалалар ҳам кўриб чиқилди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида хизматларни янада соддалаштириш, бу соҳадаги давлат хизматлари сонини ошириш ҳамда қўшимча имтиёзларни жорий этиш бўйича вазифалар белгилиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг