Фуқаро шифокорга пичоқ билан тажовуз қилгани боис терговга жалб этилди

08:03 11 Март 2020 Жамият
1232 0

“Халқ сўзи-онлайн”. Саминжон ҲУСАНОВ/Андижон. Ижтимоий тармоқларда республика шошилинч тез ёрдам илмий марказининг Андижон вилояти филиали Шикастбандлик бўлимида фуқаро шифокорга пичоқ билан тажовуз қилгани ҳолати акс этган видео лавҳа турли баҳсларга сабаб бўлди. Аслида нима бўлганди ўзи? 

Филиал директори Дониёрбек Бўрибоевнинг вилоят ҳокими номига ёзган маълумотида баён этилишича, воқеа шу йилнинг 29 февраль куни содир бўлган. Бемор аёл (тергов ишлари олиб борилаётгани сабаб исм-шарифлар сир тутилмоқда) соат 22:31 да филиалга юзи ва кўзида тан жароҳати билан мурожаат қилиб, бунга турмуш ўртоғи билан ўрталарида юзага келган келишмовчилик сабаб бўлганлигини маълум қилган. Тиббиёт ходимлари уни тиббий кўрикдан ўтказиш билан бир қаторда бундай вазиятда ички ишлар бўлимига мурожаат қилиш лозимлигини, акс ҳолда жиноятни яширганликда айбланишларини айтади. Бундан хабар топган беморнинг укаси оиладаги низо ҳақида бошқалар хабар топишини хоҳламайди ва шифокорларга норозилик билдиради. Тушунтиришларга қарамай, фуқаро шифокор У. Турғунбоевни уятли сўзлар билан ҳақорат қилган ва унга пичоқни отиб юборган. Юзага келган можаро натижасида жабрланганлар йўқ. Фуқаро айни пайтда содир этган ҳаракатлари юзасидан кўрсатма бермоқда. Бемор аёлга эса белгиланган муолажаларни олиб бўлгач, 4 март куни уйига рухсат берилган.

Маълумки, фуқароларнинг тиббиёт ходимларига бу каби ҳурматсизларча муносабатлари республикамизда оз бўлса-да, учраб турибди. Бу нимадан далолат? Тиббиёт ходимлари беморларга сифатли хизмат кўрсатмаяптими ёки фуқароларда тиббий-ҳуқуқий билимнинг камлигими? Менимча, иккинчи тахмин ҳақиқатга яқинроқ. Зеро, ўз ҳуқуқи ва бурчини яхши билган фуқаро ҳар қандай жойда ва ҳамиша ўз маданиятини ҳам намунали тарзда ифода эта олади. Акс ҳолда содир этган хатти-ҳаракати юзасидан жавоб беришга мажбур.


Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер